BBC navigation

Тимошенко сабаб Олмония 'Евро-2012' бойкоти устида бош қотирмоқда

Сўнгги янгиланиш 29 апрел 2012 - 17:16 GMT

Украина раҳбарияти футбол мусобақалари тайёргарлигига қарийб 4,4 миллиард доллар сарфлашганини айтишган.

Украина қамоқхонасида мухолифат раҳбари Юлия Тимошенкога ёмон муомала қилингани ҳақидаги хабарлар ортидан Олмонияда Украинада бўлиб ўтадиган футбол бўйича Оврўпо чемпионатини бойкот қилиш масаласи муҳокама этилмоқда.

Олмония жамиятида омма ўртасида сўров ўтказилган, ушбу сўровда иштирок этганларнинг ярми Олмония канцлери Ангела Меркел ва бошқа вазирларнинг ўйинларни бойкот қилиши тарафдори бўлганлар, ярми эса қарши чиққан.

Бу йилги футбол бўйича Оврўпо чемпионати ўйинлари 8 июндан 1 июлгача Полша ва Украина стадионларида бўлиб ўтади.

Олмония матбуотига кўра, Украина мухолифати раҳбари ва собиқ бош вазир Юлия Тимошенкога қамоқхонадаги муомала сабаб канцлер Ангела Меркел Олмониянинг футбол бўйча терма жамоаси ўйинларини шахсан ўзи бориб томоша қилмаслик устида бош қотирмоқда, ундай ҳолатда Олмония жамоаси ҳам Украинага бормаслиги мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган.

Олмония расмийлари УЕФА раҳбари Мишел Платинига ҳам мурожаат қилганлар, Оврўпо футбол ташкилотидан Украина раҳбариятига босим ўтказиш сўралган.

51 ёшли Юлия Тимошенкони Украина маҳкамаси бош вазир бўлган 2009 йилда ўз ваколатини суистеъмол қилганликда айбдор деб топган ва 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Юлия Тимошенко ўзининг қамоқхонада калтакланганидан шикоят қилди.

У ўтган йили октябр ойидан буён ҳибсда сақланмоқда.

Оврўпо Иттифоқи Тимошенко устидан қўзғатилган ишни сиёсий сабабларга асосланган, деб ишонади ва бу иш иттифоқ билан Украина раҳбарияти ўртасидаги муносабатлар совушига сабаб бўлди.

Олмония Юлия Тимошенконинг саломатлигини текшириш учун ўз шифокорларини бир неча марта Киевга юборди ва Тимошенко хонимнинг даволаниш учун Олмонияга чиқишига рухсат берилишини сўрамоқда.

Юлия Тимошенко умуртқа поғонасидаги хасталик туфайли эркин ҳаракатланолмаётгани хабар қилинган.

Ўтган ҳафтадан буён Юлия Тимошенко очлик эълон қилган, у ўзини қамоқхонадан шифохонага ўтқазилаётгани пайтида калтакланганидан шикоят қилган.

Оврўпо расмийлари Украина мухолифати раҳбари дўппослангани ҳақидаги хабарлардан хавотирда эканликларини билдирганлар.

Украина раҳбарияти футбол мусобақалари тайёргарлигига қарийб 4,4 миллиард доллар сарфлашганини айтишган.

Киев ва Львовдаги ҳар бир стадионни таъмирлашга 750 миллион доллардан маблағ сарфлангани хабар қилинган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.