ОИ:" Ё Тимошенко ё Оврўпо чемпионати..."

Фото муаллифлик ҳуқуқи Liga.net
Image caption Тимошенко хонимнинг баданида зарб излари

Украина мухолифати раҳбари Юлия Тимошенкога қамоқхонада ёмон муносабат кўрсатилаётганига оид хавотирлар сабаб бир неча Оврўпо раҳбарлари бу мамлакатга режаланган сафарларини бекор қилишган.

Оврўпо Комиссияси раиси Хосе Мануэл Барросо ва Адлия масалалари мулозими Вивиан Рединг 2012 йил Оврўпо чемпионати ўйинларини бойқот қилишадиган.

Олмония канслери Ангела Меркел ҳам шундай қарор бериши эҳтимолдан холи эмас.

Меркел хонимнинг воизига кўра, Украинага сафар Тимошенко хонимнинг тақдири билан боғлиқ бўлади.

Оврўпо Иттифоқи давлатларининг беш нафар президенти келаси ой Ялтада кечиши режаланган саммитта қатнашишдан бош тортмоқдалар.

Украина Ташқи ишлар вазирлиги воизига кўра, Австрия, Чехия, Олмония, Италия ва Словения раҳбарлари Ялтада ўтиши режаланган Марказий ва Шарқий Оврўпо давлатлари олиймақом учрашувларига қатнашмасликларини билдиришган.

"Биз буни аввалдан эълон қилмоқдамиз, бундан катта нарса ясаш шарт эмас. Айни амал ортида дипломатик норозилик йўқ”, деб айтган Олег Волосин.

Тимошенко калтакландими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Юлия Тимошенко Украина мухолифатининг энг қудратли раҳбарларида саналади

Аввалроқ Олмония Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш вазири ўз мамлакати раҳбарияти Euro 2012 футбол ўйинларидан четда туриши керак деб айтди.

Тимошенко хоним хабарларга кўра, ҳозирда очлик эълон қилган ва унинг саломатлиги жуда ёмон аҳволда экани айтилади.

Жума куни пайдо бўлган суратларда Тимошенко танасида зарблар изи акс этган.

Тимошенко хонимнинг айтишича, унга қамоқхона нозирлари қўпол муносабат қилганлар.

Юлия Тимошенко ҳозир Укнаинанинг Харьков шаҳридаги қамоқхонада сақланмоқда.

Украина прокуротураси мулозими Вадим Горан эса бу айбловларни қатъиян рад этган.

Бу суратлар ошкор бўлганидан кейин Швеция Ташқи ишлар вазирлиги Украинанинг мамлакатдаги элчисини ҳузурига чорлаб, тушунтириш беришни талаб қилган.

Тимошенко хоним собиқ Бош вазир ва Украина президенти Виктор Януковичнинг асосий рақибидир.

У ўз ваколатларини суистеъмол қилиш айблари билан етти йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва яна солиқдан бўйин товлаш даъвоси бўйича маҳкама ишини кутмоқда.

Янги маҳкама иши Май ойи охирига қадар қолдирилган.

У Виктор Януковични ўзидан сиёсий қасос олишда айблаб келади.

Саломатлигидан арз қилар экан, мулозимлар Тимошенко хонимни хорижда даволаниш сўровларини рад этишган.

Унга умуртқа поғонаси билан боғлиқ касаллик ташхиси қўйилган.

'Совуқ уруш”часига бойқотми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Euro2012 Оврўпо раҳбарлари томонидан бойқот қилиниши мумкин

Олмониянинг Социал демократ мухолифат раҳбари Сигмар Габриэл ҳам Украинада кечадиган Оврўпо чемпионатини бойқот қилишга чақирмоқда.

Оврўпо Иттифоқи мулозими Вивиан Рединг ҳам очилиш маросимини бойқот қилажагини айтган.

“ Инсон ҳуқуқларига ҳатто бу каби улкан спорт тантанасида ҳам кўз юмиб бўлмайди”, деб айтган у.

Украина ташқи ишлар вазирлиги эса Олмониянинг бойқот ҳақидаги даъволари матбуот учун “уйдирма” эканига умид қилишини айтмоқда.

"Биз Олмония раҳбарияти Совуқ Уруш даври усулларини қайта тирилтириб қўллашга қодир деб ўйлашни истамаймиз”, деб айтган вазирлик воизи Олег Волошин.