Хитойлик диссидент Чэнь мамлакатда қолмоқчи эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Чэнь Гуанчен Хитойда ўзи ва оиласи учун катта хавф борлигини айтган

Пекиндаги Америка элчихонасида уй қамоғидан қочиб яширинган кўзи ожиз диссидент Чэнь Гуанчен элчихонани тарк этганидан сўнг бундан буён Хитойда қолиши ҳаётига хавф солиши мумкинлигини айтган.

Бу мурожаат АҚШ давлат котиби Хиллари Клинтоннинг Хитойга сафари пайтида янграган.

Чэннинг таъкидлашича, Америка элчихонасини тарк этишига Хитой махсус хизмати томонидан унинг оила аъзоларига қилинган босимлар сабаб бўлган.

Бироқ Америка дипломатлари бундай таҳдидлар ҳақида маълумотга эга эмасликларини, 40 ёшли диссидент элчихонада бўлган муддат давомида сиёсий бошпана сўрамаганлигини билдиришган.

Тижорат ва хавфсизлик масалалари бўйича Хитой расмийлари билан учрашган Хиллари Клинтон ўз чиқишларида Чэнь ҳақида тўхталмаган бўлсада, мамлакат ҳукумати ўз фуқароларининг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслиги кераклиги ҳақида гапирган.

Пекиндаги Би-би-си мухбири Мартин Пейшенсга кўра, ёпиқ эшиклар ортида Чень мавзуси кўтарилган бўлиши мумкин.

Илгари Клинтон хоним маҳкама қарорисиз кейинги икки йилда уй қамоғида қолган хитойлик диссидентни ёқлаб чиқиш қилган эди.

Хитой дипломатлари буни Хитой ички ишларига аралашиш дея баҳолашган.

"Америка оммани ўзининг турли хабарлари билан чалғитишдан тўхтатиши лозим",- деб айтган Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Лю Вэймин.

Хитойлик диссидент Чэнь Америка элчихонасида қариийб бир ҳафта мобайнида яширинган.

У Пекиндан юзлаб километрлик масофада жойлашган Шандун вилоятидаги қишлоғидан ўзига содиқ одамлар кўмагида қочишга муваффақ бўлганди.

Уни қочирилишига алоқадор бир неча одамлар қамоққа олинган ёки дараксиз кетган.

Чоршанба куни Америка элчихонасини тарк этган фаол турли оммавий ахборот воситаларига ўзини хавфсиз ҳис қилмаётганини айтган.

"Президент Обамага мурожаат қилмоқчиман: илтимос, мени ва оиламни бу ердан чиқиб кетишимизга ёрдам беринг",- деб айтган диссидент Си-эн-эн агентлигига.

Айни пайтда Америка Давлат департаментининг матбуот котиби Марк Тонер элчихона хизматчиларини ҳимоя қилиб чиққан.

"АҚШнинг ҳеч бир расмий вакили Чэнга унинг хотини ва болаларига нисбатан жисмоний ва юридик таҳдидлар борлиги ҳақида гапирмаган. Хитой расмийлари ҳам бундай таҳдидлар ҳақида бизга билдиришмаган",- деб айтган жаноб Тонер.

Болалигидан кўзи ожиз Чэнь Хитойда аёлларни стерилизация қилиш ва Шандун вилоятидаги мажбурий абортларга қарши олиб борган кампанияси билан танилган.

Ҳукумат шу йўл билан ҳар бир оилада биттадан ортиқ фарзанд бўлмаслигига эришишга уриниши айтилади.