Хьюман Райтс Вотч: Сурия армияси "ҳарбий жиноятлар"қилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Хьюман Райтс Вотчга кўра қуролли тўқнашувлар давомида халқаро белгиланган қонунлар қўпол равишда бузилган

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро гуруҳ Сурия ҳарбийларини 12 апрелда оташкесим кучга кириши олдидан ҳарбий жиноятларни амалга оширганликда айблаган.

Хьюман Райтс Вотчга кўра, қуролли тўқнашувда қатнашган томонлар халқаро меъёрларга амал қилиши талаб қилинади. Фаоллар Алеппо вилоятининг ал-Раи қишлоғида эрта тонгда бошланган тўқнашувларда камида 15 киши ўлдирилганини хабар қилишган.

Сурия озодлик армиясининг икки аъзоси ҳалок бўлган.

Дамашқ яқинидаги тўқнашувларда олти аскар ўлгани айтилган.

Маҳаллий фаолларга кўра, чоршанба куни мамлакат бўйлаб 10 киши ўлдирилган.

Ҳукуматнинг Кофи Аннан тинчлик режасига рози бўлган 27 мартдан буён эса 800 киши ҳалок бўлгани айтилган.

Хьюман Райтс Вотчга кўра қуролли тўқнашувлар давомида халқаро белгиланган қонунлар 2400 марта қўпол равишда бузилган.

Сурия кучлари камида 95 тинч фуқарони ўлдирган ва мартнинг охири ва апрелнинг бошларида Идлибда юзлаб уйларга ўт қўйилган.

"Сурия ҳукумати оташкесим бошланишидан олдинги ҳар бир дақиқадан фойдаланди.

Сурия тарк ва тикучарлари Идлибнинг бир шаҳридан иккинчи шаҳрига қараб ҳужум қилишда давом этишди",- деб айтган Хьюман Райтс Вотчнинг фавқулодда вазиятлар бўйича директор ўринбосари Анна Нейстат.

38 саҳифадан иборат ҳисоботда ҳукумат кучларининг Шимолий Идлибдаги ҳарбий жиноятлари, ўнлаб одамлар,жумладан болаларни ўлдирилгани,турар жойларни вайрон қилингани келтирилган, юзлаб одамлар ҳеч бир ҳуқуқий асоссиз ҳибсга олингани айтилган.

"Ҳибсга олинганларнинг учдан икки қисми президент Башар ал-Ассад ҳукуматининг сиёсий маҳбусларни озод қилиш ҳақидаги ваъдаларига қарамасдан ҳали ҳам қамоқда қолмоқда".

БМТ кузатувчиларига кўра, БМТнинг тинчлик режаси 12 апрелда кучга кирганига қарамасдан тўқнашувлар давом этмоқда.

Суриядан олинган охирги хабарларга кўра, Алепподаги талабалар ётоқхонасида хавфсизлик кучларининг тинтуви натижасида камида тўрт киши ҳалок бўлган.

Фаолларга кўра, тунги рейд минглаб талабаларнинг антиҳукумат намойиши ўтказилганидан кейин содир этилган.

Сурия ҳукумати Хьюман Райтс Вотчнинг ҳисоботини изоҳламаган.

БМТ ҳисоботига кўра ўтган йилги тўқнашувлардан буён Сурияда 9000дан ортиқ киши ўлдирилган.