BBC navigation

Францияда президент сайловининг охирги босқичи бошланди

Сўнгги янгиланиш 6 май 2012 - 10:18 GMT

Иккинчи босқичда сайловчиларнинг нақадар фаол овоз бериши сайлов натижасини ҳал қилади

Франция президентлик сайловларининг иккинчи босқичида овоз бериш бошланган. Бу сайловларда 1988 йилдан бери биринчи марта социалист номзод ғолиб чиқиши мумкин.

Сайловларнинг биринчи босқичида социалист Франсуа Олланд 28.6% овоз билан ғалаба қозонганди. Иқтидордаги президент Никола Саркози 26.2% овоз билан иккинчи ўринни эгаллаганди.

Сайловолди кампанияда ўсиб бораётган ишсизлик даражаси ва евро ҳудудидаги инқироз устунлик қилган.

Жаноб Саркози рецессиянинг олдини олиб қолганини айтиб, "мустаҳкам Франция"ни сақлаб қолиш йўлида курашишни ваъда қилган.

Лекин, жаноб Олланд мамлакат "жиддий инқироз" қаърига ботганини айтиб, ўзгаришлар зарурати ҳақида гапирган.

Франция ва Корсика ороли бўйлаб сайлов участкалари соат 08:00дан 18:00гача очиқ бўлади. Катта шаҳарларда эса овоз бериш қутилари яна икки соатга очиқ қолади.

Чоршанба куни икки номзод ўртасида бўлиб ўтган теледебатни 17.9 миллион одам кўрган.

Сайловда ғолиб чиқиши кутилаётган жаноб Олланд овоз берувчиларнинг нақадар фаол иштирок этиши сайловлар натижасига таъсир қилиши мумкинлигини айтган.

Жаноб Саркози эса аввал ҳеч қандай сайловнинг натижасини башорат қилиш бу қадар қийин бўлмаганини билдирди.

Қўшимча овозлар учун кураш

Иккинчи босқич яқинлашиб келар экан, икки номзод ҳам биринчи босқичда ўта ўнг қанот Марин Ле Пен ва марказчи Франсуа Байруга овоз берган сайловчиларни ўзларига оғдиришга уринишди.

Сайловчиларнинг 6.4 миллион овозини олишга муваффақ бўлган Ле Пен хоним иккинчи босқичда бўш қоғозни қутига ташлашини билдирган, лекин ўз тарафдорларини "виждонларига биноан овоз бериш"га чақирган.

22 апрелда бўлиб ўтган илк босқичда деярли 9% овозларни йиға олган жаноб Байру эса иккинчи босқичда жаноб Олландга дастак беришини айтди.

Социалист номзодга 11% овозни олишга муваффақ бўлган ўта чап қанот Жан-Лук Меланшон ҳам ўз дастагини изҳор қилди.

2007 йилдан бери президентлик вазифасини бажариб келаётган Саркози Франциянинг йирик бюджет дефицитини камайтиришни ва солиқ тўламаслик ниятида мамлакатни тарк этаётган францияликларга солиқ солишини айтган.

Жаноб Олланд, ўз навбатида, йирик корпорациялар ва йилига 1 миллион евродан кўп пул топадиган фуқароларга солинадиган солиқ даражасини оширишни ваъда қилган.

У, шунингдек, энг кам маошни ошириш, 60 минг қўшимча ўқитувчиларни ёллаш ва нафақа ёшини баъзи ишчилар учун 62дан 60га туширишини айтган.

Агар сайланса, жаноб Олланд 1981 ва 1995 йиллар орасида икки муддат президентлик вазифасини бажарган Франсуа Миттерандан бери илк чап қанот президент бўлади.

Президентлик сайловларидан ортидан Францияда июн ойида парламент сайловлари бўлиб ўтади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.