Америкага яна бир ҳужум режаси фош бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи tsa
Image caption Метал ишлатилмаган портловчи модда текширув нуқтасида "сезилмаслиги" мумкин

АҚШ хавфсизлик хизматлари эҳтимолки Яманда жойлашган Ал Қоида гуруҳининг Америкага йўл олган учоқни портлатиш режасини барбод қилишга муваффақ бўлганлар.

Бу ҳақда америкаликлар Усама Бин Лодиннинг ўлимига бир йил тўлганини нишонлашларидан кўп ўтмай билиб қолишган.

Портловчи ускуна хорижда қўлга туширилган, аммо қайси мамлакат эканлиги ҳозирча очиқланаётгани йўқ.

Федерал Қидирув Бюроси айни пайтда бу ускунани текшираётганини маълум қилган.

Портловчи ускуна 2009 йил декабр ойида нигериялик Умар Фаруқ Абдулмуталлаб Амстердам-Детройт йўналишида парвозда бўлган учоқни муваффақиятсиз портлатишга уринган ускунага ўхшаши айтилмоқда.

ФҚБ бу ускунани ким ясагани ва ким портлатишни режалагани ҳақида ҳеч нарса айтмаган.

Америка сергак диёр...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Л.Панетта:"...мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун барча чораларни кўрамиз"

ФҚБ чиқарган баёнотда, маҳаллий ва хорижий разведка ҳамкорлиги туфайли Америкадан ташқарида ишланган портловчи модда қўлга туширилгани ҳақида айтилади.

Президент Обама ана шу “тайёрланаётган теракт” ҳақида шу йил апрел ойида огоҳ этилган.

Оқ Уй воизига кўра, бу портловчи ускуна аҳоли хавфсизлигига дахл қилмаган.

Хабарларга кўра, бу махфий режа фош этилганида ташкилотчилари ҳали ҳужумнинг мақсадини аниқлаб олишмаган ва ҳаво йўлларига чипта ҳам харид қилишмаган...

"Айни ҳодиса Америка ҳали ўзига ҳужум қилиш режасида бўлганларга қарши сергак турганидан далолатдир, биз мамлакатнинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча чораларни кўрамиз”, деб айтган Америка мудофаа вазири Леон Панетта.

Хабар агентликларига кўра, бу портловчи ускунада метал ишлатилмаган ва шунинг учун текширув нуқталаридан олиб ўтиш имконияти кўпроқ бўлган.