Дамашқда юз берган икки портлашда камида 40 инсон ҳалок бўлди

Дамашқ Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Портлашлар натижасида камида 40 инсон ҳалок бўлган

Сурия пойтахти Дамашқда чоршанба куни иккита кучли портлаш юз берди. Давлат телевидениеси хабарига кўра, 40дан зиёд инсон ҳалок бўлди ва яна камида 170 нафар инсон жароҳат олди.

Дастлабки маълумотга кўра, портловчи моддалар тўлдирилган автомобиллар ал-Қаззоз минтақасидаги махсус хизматлар бинолари яқинида портлаб кетган.

Портлашлар натижасида махсус хизматларнинг икки асосий биноси вайрон бўлган.

Ҳодиса юз берган жойга БМТнинг Суриядаги нозирлар гуруҳи раҳбари, Норвегия армиясининг генерал-майори Роберт Муд етиб борган.

Биринчи портлаш маҳаллий вақт билан эрталабки соат саккизда, хизматчилар ишга, талабалар эса ўқишга бораётган пайтда, юз берган.

Ортидан янада кучлироқ иккинчи портлаш содир этилган.

Портлаш жойида катта чуқурлик пайдо бўлган.

Гувоҳлар сўзларига кўра, портлашлар ортидан отишма бошланган.

Портлашлар юз берган жойга тез ёрдам машиналари етиб борган, ҳудуд куч ишлатар тизимлар ходимлари томонидан ўраб олинган.

Дамашқдаги Би-би-си мухбири Мелани Маршаллнинг энг йирик шифохонадан хабар биришича, у ер ярадорларга тўлиб кетган ва шифокорлар уларни даволашга улгура олмаётирлар.

Уларнинг сўзларига кўра, одамлар жарроҳлик столларида ҳалок бўлмоқдалар.

Шифохона ўликхонасида эса жой қолмаган.

Чоршанба куни Суриянинг Дераа шаҳрига элтувчи йўлда икки портлаш содир этилганди.

Охирги ойларда портлашлар Дамашқ шаҳрини бир неча бой ларзага келтирди.

Апрел ойи охирида масжидлардан бирига қилинган интиҳорий ҳужумда 10 нафар инсон ўлдирилганди.

Тинчлик режаси иш бермаяпти

Сурия давлат телевидениеси бугунги портлашларни уюштиришда исёнчиларни айблади.

Мухолифат фаоллари эса, ўз навбатида, Сурия ҳукумати армияси, оташкесим шартномасини бузиб, чоршанбага ўтар кечаси Ҳумс шаҳрини бомбалай бошлаганини баён қилдилар.

Ҳумс шаҳрида ҳозир БМТнинг 11 нафар нозири бор.

Улар БМТнинг собиқ Бош котиби Кофи Аннан томонидан ишлаб чиқилган тинчлик режасининг қандай ишлаётганини кузатиб боришга ҳаракат қилмоқдалар.

Иккала томон ҳам ушбу режага риоя этишга рози бўлган.

Аммо Би-би-си мухбирининг воқеа жойидан хабар беришича, ушбу вазифани фақат назарий жиҳатдан ижро этиш мумкин, зеро мухолифат ҳам, ҳукумат армияси ҳам оташкесим шартномасини давомли бузишмоқда.

Можарони тинч йўллар билан ҳал қилиш ҳақидаги режа ижроси апрел ойида кучга кирди.

Томонлар, илк навбатда, ўт очишни тўхтатишлари керак эди.

Ушбу жараённи кузатиш учун БМТнинг 70 нафарга яқин кузатувчиси Сурияга келган.

Бироқ мамлакатда зўравонликлар тўхтагани йўқ.

Сурия бўҳрони бир йил муқаддам бошланди.

Тинч намойишлар ҳукумат қўшинлари ва мухолифат ўртасидаги қуролли тўқнашувларга айланиб кетди.

БМТ маълумотига кўра, ҳозирга қадар ички урушларда 10 мингдан ошиқ инсон ҳалок бўлди.

Сурия ҳукуматининг айтишича, мухолифат билан бўлган қуролли тўқнашувларда ҳуқуқ-тартибот органларидан 2,5 минг инсон ўлган, тинч аҳоли орасида эса қурбонлар сони 3,2 мингдан ошиб кетган.

Ҳукумат охирги ойларда мухолифат ишғол этган асосий шаҳарлар устидан назоратни қайта ўрнатди.

Бироқ исёнчилар хуфия кураш йўлига ўтди.

Охирги ойларда ҳарбийлар ва полицияга қарши ҳужумлар кучайди.