Афғонистонда тинчлик музокарачиси ўлдирилди

Арсала Раҳмоний Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Арсала Раҳмоний Толибон қўмондонларини тинчлик жараёнига тортиш учун ўта муҳим шахслардан бири бўлган

Афғонистон расмийларига кўра, Кобулда тинчлик музокарачиларидан бири отиб ўлдирилган.

Арсала Раҳмоний Толибон собиқ вазирларидан бири ва Афғонистон Олий Тинчлик Кенгаши муҳим эътиборга молик аъзоларидан бири бўлган.

Кенгаш Толибон билан тинчлик музокараларига бошчилик қилади.

Мухбирларига кўра, Толибон қўмондонлари билан мулоқотларни йўлга қўйиш учун асосий шахс ҳисобланган Раҳмонийнинг ўлими Президент Ҳомид Карзай учун йирик зарбадир.

Олий Тинчлик Кенгаши раиси Бурҳониддин Раббоний 2011 йил сентябрида ўзини Толибон вакили деб таништирган худкуш ҳужумчи тарафидан ўлдирилганди.

Ўтган ой унинг Қўшма Штатларда таълим олган ўғли Салоҳиддин Раббоний Олий Тинчлик Кенгашига раис этиб тайинланган.

Музокарачи биргина ўқдан ўлган

Полициянинг айтишича, Раҳмоний жаноблари якшанба куни эрталаб Кобул ғарбида ишга отланган маҳал номаълум қуролли тарафидан нишонга олинган.

Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Билол Сарварийга кўра, Тойота Королла русумли автомобилда келган ҳужумчилар овоз чиқармайдиган тўппонча воситасида унга бир марта ўқ узишган.

"Ҳайдовчиси Раҳмоний ўлдирилганини бирдан пайқамаган", деб айтган полиция расмийси Муҳаммад Зоҳир Рейтерс агентлигига.

Мухбиримизга кўра, унинг ҳаётига олдиндан таҳдидлар бўлган, шундай экан, нима учун тан қўриқчиларисиз юргани борасида саволлар ўртага чиққан.

Раҳмоний жаноблари тинчлик жараёнига қўшилган илк юқори мартабали Толибон аъзоси эди.

Унинг ўлими эса, президент ёрдамчиларидан бирининг Би-би-си мухбирига айтишича, бошқа Толибон расмийларини ҳам ташвишга солиши тайин.

Арсала Раҳмоний Толибон қўмондонларини тинчлик жараёнига тортишда ўта муҳим рол ўйнаган. Аммо, у шу пайтга қадар қанча Толибон расмийсини мулоқотга кўндира олгани маълум эмас.

Нима бўлмасин, Президент Карзай Толибон раҳбарияти билан боғлиқ масалаларда у билан тез-тез мулоқот олиб борган.

Арсала Раҳмоний Баграмдаги Толибон ва бошқа афғон маҳбусларини қўйиб юбориш масаласини Олий Тинчлик Кенгаши кун тартибига чиқаришга муваффақ бўлганди.

У Толибон даврида Олийтаълим вазири вазифасини бажарган.

Аммо, Раҳмоний жаноблари Толибон ҳаракатига асос солинишидан олдин ҳам сиёсий фаол шахслардан бўлган, 1990 йилларда у Афғонистон маъмуриятидаги расмийлардан бири сифатида фаолият олиб борган.

Жаноб Раҳмоний ҳам ўтган йилнинг июл ойида бир қатор собиқ Толибон расмийлари билан бирга БМТ қора рўйхатидан ўчирилганди. Яъни, унинг сафар қилишига тақиқ бекор қилинган ва банк ҳисоблари қайта имконли бўлганди.