Тбилисида сув тошқини 5 инсоннинг умрига зомин бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Тинимсиз ёғингарчилик ортидан юз берган сув тошқини боис Гуржистон пойтахти Тбилисида камида 5 киши нобуд бўлди.

Кура дарёси узанидан чиқиб оқаркан, шаҳар маркази қатор қисмларини сув босган.

Натижада йўллар, кўприклар сув остида қолган. Мазкур ҳолат электр тармоғида узилишларга ҳам сабаб бўлган.

Атрофдаги ҳудудларда ер кўчкилари ҳам кузатилган. Хабарларга кўра, чорва молларини сув оқизиб кетган.

Ҳукумат ҳозирда фавқулодда ҳолат эълон қилган ва шаҳарга қўшинларини киритган.

Сув тошқинлари шанба куни кечқурун қаттиқ шамол аралаш ёққан кучли ёмғир ортидан юз берган.

Ҳозир ёмғир тўхтаган, аммо келаси бир неча кун ичида яна ёғиши башорат қилинмоқда.

Айрим одамлар автомобиллари тепасига чиқиб олишган, уларни қайиқлар воситасида қутқариб олишга тўғри келади.

Хабарларга кўра, ҳаётдан кўз юмганлар орасида 2 ёш бола, бир она ва кекса аёл бор.

Шаҳарнинг Фавқулодда хизматлар бўйича департаменти раҳбари Темур Георгадзега кўра, улар уйларида қамалиб қолганлари боис нобуд бўлишган.

"Кўчаларга шиддат билан оққан сув тошқинлари, афсуски, ўлим ҳолларига сабаб бўлмоқда. 4 киши кичик уйда нобуд бўлган. 4 киши ўзлари яшаган кичик уйчада нобуд бўлди, ҳозир уйча ҳалокат эпицентрига айланган", дейди у.

"Сув дарахтлар, қуюнди, турли буюмлар парчаларини олиб оққани аҳволни янада мушкуллаштирган".