Facebook ўз ҳиссалари нархини донаси учун 38 доллар этиб белгилади

Facebook Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Facebook дунё бўйлаб 900 миллион фойдаланувчига эга

Ўз ҳиссаларини Ню-Йорк биржасига қўйишдан аввал Facebook ширкати уларнинг нархини ҳар бири учун 38 доллар этиб белгилади.

Ушбу қийматда ширкатнинг умумий баҳоси 100 миллиард доллар атрофида бўлиши кутилмоқда.

Facebook ҳиссалари NASDAQ орқали жума куни сотувга қўйилади.

Чоршанба куни Facebook талаблар ортиб бораётгани туфайли ҳиссалар ададини 25% кўпайтиришини маълум қилди.

Ширкат қўшимча 84 миллион дона ҳиссалани биржа орқали сотувга чиқариши кутилмоқда.

Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, бу сотув ширкатга ҳаммаси бўлиб, 18 миллиард доллар даромад келтиради.

Дунё интернет тармоғи

Facebook ширкати ундан фойдаланувчи одамдан йилига 5 доллар атрофида даромад кўради;

Ширкат ҳисоблашича, келажакда у учун асосий даромад манбаи мобил ускуналари ва планшет компютерлар бўлади.

Мутахассислар савдога қўйилажак ҳиссаларнинг сони ва нархининг ошиб боришини башорат қилганлар.

Агар барча ҳиссалар қимматроққа сотилса, Facebook Америка учинчи қиммат ширкатга айланади.

Ширкат, агар ҳиссаларга талаб таклифдан кучлироқ бўлса, яна қўшимча 60 миллион ҳиссани сотувга қўйиши мумкин.

Cаккиз йил муқаддам асос солинган Facebook ширкати бутун дунё бўйлаб 900 миллион фойдаланувчиларига эга.

Ўтган йили ширкат даромади 1 миллиард долларни ташкил этганди.

Сотувга қўйилган ҳиссаларнинг янги эгалари ширкат сиёсатини белгилай олишмайди.

Таклиф этилаётган янги ҳиссалар "А" категориясига киради, яъни улар фақат битта овозга эга бўлиш ҳуқуқини беради.

"В" категориясига таалуқли бўлган мавжуд ҳиссалар эса ҳар бири ўз соҳибига 10 овозга эгалик ҳуқуқини беради.

Facebook ширкати асосчиси Марк Тсукерберг овозларнинг 56% эгалик қилади, "B" категорили ҳиссалар эгалари эса ширкат ҳиссадорлари йиғинида 96% овозга эгалик қилишади.

Ширкатнинг қолган асосчилари- Дастин Московитс ва Эдуардо Саверин - ҳиссалар сотувга қўйилган куннинг ўзидаёқ миллиардерга айланишади.

Америкадаги Accel Partners винчур ширкати ва Россиянинг Digital Sky Technologies сармоя ширкати Facebook-нинг аксар имтиёзли ҳиссаларига эгалик қилишади;

Шунингдек Microsoft корпорацияси ва "U2" гуруҳининг хонандаси Боно Facebook ширкатининг йирик сармоядорлари ҳисобланишади.

Янги бозорда Amazon, Apple ва Google рақобати ортиб бораётган бир пайтда Facebook даромад миқдорини янада кўпайтиришни олдига мақсад қилиб олгани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ