НАТО таъминот йўлига 150 минг покистонликнинг ҳаёти боғланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Urdu

АҚШ ва унинг НАТОдаги иттифоқчилари Афғонистондан жанговор қўшинларини олиб чиқишга тайёргарлик кўрар эканлар, Афғон чегарасидан Покистоннинг Карачи бандаргоҳига элтувчи йўл ва магистраллар яна музокараларнинг бош мавзусига айланган.

Яқин-яқингача ҳам бу йўллар халқаро кучларнинг қон томирлари эди. Ўзининг аскарлари Америка ҳаво ҳужумида ўлдирилганидан кейин Покистон бу йўлларни бекитиб қўйди. Оғир юк автомобиллари ва танкерлар туриб қолдилар ҳамда НАТОнинг транзитини кун кўриш бизнесига айлантирганларнинг ҳам бизнеси тўхтади.

“Мен олти ойдан буён ишсиз қолдим”, дейди НАТОнинг таъминот юкларини Карачидан Кобулга ташиш билан шуғулланган юзлаб юк автомобилларидан бирининг ҳайдовчиси Шамсуддин. “Болаларимни ҳам мактабдан чиқариб олишимга тўғри келди. Мактабда ўқиётган тўнғич ўғлим энди кунлик пул топиш учун ишлашига тўғри келаяпти”, дейди у.

Ўтган йили ноябрида чегара текшириш нуқтасида АҚШнинг ҳужумида Покистон аскарлари ҳалок бўлганидан кейин Покистон ҳукумати таъминот йўлларини ёпиб қўйишга қарор қилди.

Покистон расман кечирим ҳамда АҚШ билан ҳамкорлик келишувини буткул қайта кўриб чиқишни талаб қилди. Музокаралар таранг ва орқага чўзиладиган алфозда кечар экан, таъминот йўли бу музокараларда Покистон қўлидаги “кўзир қарта”на айланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Urdu
Image caption Шамсуддин 2011 йил ноябридан буён ишсиз.

Транспорт қатновида иштирок этган одамларнинг айтишича, таъминот йўли очиқ бўлган пайтлари ҳар ой юк ташишга 15000 юк автомобили жалб этилган.

Карачи бандаргоҳидан ҳар бир автомобил йўлга чиқар экан, у ўзининг манзилига етиб олгунча камида 10 та одам хизмат қилган. Бу дегани йўлнинг ёпилиши Покистонда 150 мингдан ортиқ инсоннинг ҳаётига таъсир кўрсатган.

Ва бу биргина транспорт соҳасида.

Муҳаммад Собир бандаргоҳдан чиқиб кетаётган автомобилларни расмийлаштириш билан банд бўлган кўп сонли мирзаларнинг бири. Унинг даромади кунлик ишига боғлиқ бўлган.

“Менинг ишим тўла НАТО таъминот бизнесига боғлиқ эди. Таъминот йўлининг ёпилиши туфайли оилам молиявий қийинчиликка дуч келди”, дейди у.

Атрофида чопиб ўйнаётган икки ёшли ўғлига қараб туриб Муҳаммад Собирнинг рафиқаси ҳозир бир хонали уй қидиришаётганини айтади.

“Бизнинг катта уйимиз бор эди, аммо биз уни йўқотдик. Ҳозирга келиб мен ҳамма нарсани тежашга ҳаракат қилаяпман. Коммунал хизматлар ҳақию-кундалик оладиган ширинликларгача. Ҳатто болам ҳам озиб қолди, мен бирор нарса сотиб олгунча икки марта ўйлаб кўришимга тўғри келаяпти”, дейди аёл.

Мамлакат ичкарисида таъминот йўли очилишига сиёсий мухолифлик кучли эканига қарамасдан, бу бизнесга аралашган ўн минглаб одамлар йўлнинг тезроқ очилишини истайдилар. Аммо бу йўл ҳаёт учун энг хатарли йўллардан бири эканини ҳам кўпчилик жуда яхши англайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Urdu
Image caption Муҳаммад Собир оиласи бир хонали уй қидиришга мажбур бўлган.

Шамсуддиннинг айтишича, охирги 10 йил мобайнида юк ортилган 1300 дан ортиқ автомобил ҳайдовчиси ўлдирилган. Ҳужум қилганлар Покистоннинг АҚШ билан “Террорга қарши уруш” деб номланган ҳамкорлигига қарши чиққанлар, дейди у.

Ҳайдовчилар таъминот йўли қайта очилганидан кейин ҳукумат келишувда ўзлари қандай амал қилишлари бандини ҳам киритишига умид қиладилар.

“Агар йўл қайта очиладиган бўлса, биз ҳеч бўлмаганда машинамизни тўхтатиб қўядиган жойлар бўлиши ва биз кўнгилдагидек овқатланиб олиш имкониятига эга бўлишимиз керак”, дейди Шамсуддин.

Яқинда “Вашингтон Пост” рўзномасида босилган мақолада ёзилишича, Покистон ўз ҳудудига кирган ёки ўз ҳудудидан Афғонистонга ўтадиган ҳар бир юк автомобили учун 5000 АҚШ доллари миқдорида транзит ҳақи талаб қилмоқда. Агар Афғонистонга киритилган жами юкларнинг 70 фоизи Покистон замини орқали ўтгани инобатга олинса, Покистон талаби бўйича унга ҳар куни икки миллион доллар тўлаш керак, деганидир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Urdu
Image caption НАТО автокарвонларига ҳужумларда 1300 дан ортиқ автомобил ҳайдовчиси ўлдирилган.

Покистон Президенти Осиф Али Зардорийнинг Чикагодаги НАТО саммитида иштирок этишга қарор қилгани бу масала яқин орада ҳал бўлишининг аломати деб кўрилмоқда.

Покистон Мудофаа вазири Аҳмад Мухтор яқинда Би-би-си билан суҳбатида ушбу масаланинг тезда, кейинги молиявий йил бюджети муҳокамасидан олдин ҳал қилинишини исташини айтди. Вазир сўзлари Покистонда қизғин баҳсларга сабаб бўлди, ҳукумат танқидларга учради. Диний гуруҳлар ҳукуматни “миллий қадрни Америка долларларига сотаётганлик”да айбладилар.

Таъминот йўлини қайта очиш Покистон учун қийин сиёсий қарор бўлиши аниқ. Бу борадаги баҳс қайси томонга оғишидан қатъи назар, кунлик даромади таъминот йўлига боғлиқ бўлган ўн минглаб покистонликлар Покистон ўз қарорида сиёсатдан кўра кўпроқ иқтисодга эътибор қаратади, деган умиддалар.