'Манас' сўнгги ўн йилда қанчалар муҳим бўлган бўлса, Афғонистондан чиқишда ҳам шундай бўлади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Kyrgyz
Image caption Сэмуел Нурэш сафар тадориги билан машғул.

Майнинг шамолли кунларидан бирида "Манас" транзит марказидаги аскарлар одатий ишлари билан машғул.

Уйларига қайтаётган бир неча юз аскарлар ҳозиргина Афғонистондан етиб келишди. Улар улкан юк машинасидан ашёларини туширишмоқда.

Бу катта лагернинг юпқа брезент остидаги дам олиш хоналари уларга вақтинчалик уй.

Қўшинларнинг иккинчи қисми эса қарши йўналиш - Афғонистонга томон ҳаракат қилмоқда.

Интернет боғланиши ва бадантарбия жиҳозлари билан безалган ҳордиқ чиқариш залида Сэмуел Нурэш сафар тадориги билан машғул.

Алоқа мутахассиси эрталаб соат бешда Манасга етиб келган ва шу куни кечки бешда Афғонистонга учмоқда.

Транзит марказидаги кўпгина аскарлар сингари у ҳам компютерда ўтирибди.

Бу унинг учун дунё, хусусан, Америкада қолган оиласи билан боғланиш йўли.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Kyrgyz
Image caption "Марказий Осиё, хусусан, Қирғиз республикаси нақлиётда муҳим рол ўйнашда давом этади", дейди полковник Жекобсон

Унинг айтишича, қўшинлар ҳозирда Афғон миссиясининг охири ҳақида ўйлашни бошлашган.

"Узоқ йиллик Афғон урушидан кейин ҳозирда ҳамма имкон кадар тезроқ чиқиб кетиш ва назоратни афғонлар қўлига топширишни истайди. Уйга қайтиш вақти етди, деган кайфиятдамиз."

Келаётган ойларда америкалик аскарларнинг 23 минг кишилик биринчи гуруҳи уйларига қайтаётиб, "Манас"да тўхтаб ўтади. Уларнинг ўрнини ҳеч ким эгалламайди. Келаетган бир ярим йил ичида эса яна ўн минглаб қўшинлар Афғонистонни тарк этишади.

"Манас" сўнгги ўн йилда қўшинларни олиб ўтишда қанчалик муҳим бўлган бўлса, уларни Афғонистондан олиб чиқиб кетишда ҳам шу қадар аҳамиятга эга.

Полковник Жеймс Жекобсоннинг айтишича, қўшинларни уйга қайтариш ҳам, ёки Афғонистонга йўллаш ҳам бир хил вазифа. АҚШ қўмондони Афғонистонни ташлаб қўймасликларини алоҳида урғулайди.

"Қўшма Штатлар яқиндагина Афғонистон билан ҳамкорлик битимини имзолади. Ушбу битим 2014 йил билан чекланиб қолмаган. Шунинг учун назаримда, бутунлай чиқиб кетиш ҳақида сўз кетмаяпти. Афғонистондаги миссия у ёки бу кўринишда қайсидир муддатгача давом этади. Ва Марказий Осиё, хусусан, Қирғиз республикаси нақлиётда муҳим рол ўйнашда давом этади".

"Манас"даги амалиётларнинг миқёси борасидаги статистика оддий. Бу ерда ойига 300 минг кишига етадиган овқат пиширилади. Полковник Жекобсонга кўра, бу кичкина рақам эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Kyrgyz
Image caption Кимдир "Манас"га Афғонистондан келган, кимдир Афғонистонга йўл олган.

Ҳордиқ чиқариш хонасида 11 сентябр ҳужумларида ҳалок бўлган Нью-Йорк ёнғинга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Питер Гансининг расми.

Бу Америка қўшинлари нима учун бу ердалигига бир ишора.

Аммо битта савол очиқлигича қолмокда: "Манас"даги ҳарбий база 2014 йилдан кейин ҳам очиқ қоладими?

Жорий битим НАТОнинг Афғонистондаги жанговар амалиётлари тугашидан бир неча ой аввал, 2014 йил ёзида ниҳоясига етади.

Ҳозирга қадар Қирғизистон унинг муддатини узайтириш мажбуриятини олмаган.

Айрим қирғиз сиёсатчилари базани ёпишга чақирганлар.

Президент Алмазбек Атамбаев АҚШ билан Эрон ўртасида зиддият юз бергани тақдирда Қирғизистонга жиддий таҳдид пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирган.

Аммо америкаликлар бу эҳтимолдан узоқ, дейишади.

"Мен воқеалар бу йўсин ривожланади, деб ўйламайман",- дейди полковник Жекобсон.

Аксига Қўшма Штатлар амалиётларнинг давом этиш Қирғизистоннинг манфаатида, деган муждани бермоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Kyrgzy
Image caption Ҳордиқ чиқариш хонасида 11 сентябр ҳужумларида ҳалок бўлган Нью-Йорк ёнғинга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Питер Гансининг расми.

Охирги ойларда бир неча юқори мартабали АҚШ ҳарбийлари ва дипломатлари Бишкекка сафар қилишди.

Улар орасида АҚШ Мудофаа вазиир Леон Панетта ҳам бор эди.

Америкаликлар "Манас" базаси учун йилига 60 миллион доллар ҳақ тўлашади ва база муддати узайтирилгани тақдирда бундан кўпроқ тўлашларига тўғри келиши мумкин.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Ўтинбоевага кўра, АҚШ базани сақлаб қолиши мумкин.

Унинг Би-би-сига айтишича, ҳозирда базанинг ёпилиши ҳақидаги гап-сўзларнинг мавриди эмас.

"Келинг, 2014 йилни кутиб турайлик, ундан кейин воқеалар қандай ривожланишини кўрамиз. Менинг назаримда "Манас" маркази Афғонистоннинг кейинги муаммоларини ечишда ҳам муҳим рол ўйнайди", - дейди Ўтинбоева хоним.

Шу тариқа ҳозирча барча томонлар 2014 йилни кутиб туришга тайёр.

Бу каби прагматизм "Манас" орқали Афғонистонга кириб чиқаётган қўшинларда ҳам бор.

"Қачонки афғонлар ўзларини ўзлари идора қилишга қодир бўлганларидагина мен уйимга кета оламан ва уйимда қола оламан",- дейди аскар Самуэл Нураш.