Чикагода НАТО раҳбарлари тўпланишган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption НАТО Бош котиби Андерс Расмуссен Афғонистондан қўшинларни тартиб билан олиб чиқилишини айтган

Чикагода олиймақом учрашувга тўпланган НАТО раҳбарлари Афғонистон келажагини муҳокама этишмокда.

Саммитнинг асосий мақсади 2014 йилнинг охирида масъулиятни афғон кучларига бериш ва халқаро кучларни Афғонистондан олиб чиқишни муҳокама қилиш.

Иттифоқ аъзо давлатларга қўшинларни шошмасдан, тартиб билан олиб чиқиш борасида босим ўтказмоқда.

Аввалроқ, раҳбарларнинг кўпчилиги "Йирик саккизлик" саммитида иштирок этишган.

Президент Обама учрашувда Оврўпони забтига олган иқтисодий инқироздан чиқиш борасида сезиларли силжишга эришилганини айтган.

Дунёнинг 50 га яқин мамлакат раҳбарлари якшанба кунги НАТО саммитида қатнашишмоқда.

Уларнинг ичида НАТОга аъзо 28 давлат ва ҳукумат раҳбарлари, шунингдек Афғонистон президенти Ҳомид Карзай ва Покистон президенти Осиф Али Зардорий ҳам бор.

Америка ҳукумати Покистон президенти Зардорий билан НАТОнинг учувчисиз учоқлари ҳужумларидан сўнг ёпиб қўйилган Покистон ҳаво йўллари НАТО учун очилишига умид билдирган.

Қўшинларни Афғонистондан олиб чиқишда муҳим транизит йўли бўлиши кутилаётган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов саммитга бормаган.

Сўнгги соатларда ўзбек ҳайъатига Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг бошчилик қилиши маълум бўлган.

Бир қанча НАТО аъзолари афғон кучларига Толибон билан муаммони ечишда кўмак беришни ҳам таклиф қилишган.

Франциянинг янги президенти Франсуа Олланд мамлакат кучларини шу йил охиригача олиб чиқиб кетилишига ваъда берган.

НАТО Бош котиби Андерс Расмуссен бу қадамлар белгиланган режанинг бир қисми бўлиб, бу жараён 2014 йилнинг охирида тугалланади, деб айтган Би-би-сига.

Америка, Буюк Британия ва Олмония каби бир қанча давлатлар НАТО кучлари чиққанидан сўнг Афғонистон армиясига ёрдам бериш учун халқаро фонд ташкил қилишни илгари суришган.

НАТО учрашувида шунингдек, Эронга қаратилган Оврўпода ракетадан мудофаа тизимини яратиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Раҳбарлар бу режага биноан Ўрта Ер денгизи ва Туркияда радарлар ўрнатилган Америка кемаларини жойлаштиришни келишиб олишлари кун тартибига қўйилган.

Россия томони бу режани ўзининг хавфсизлигига жиддий хатар солишини айтиб, унга кескин қарши чиққан.

Айни пайтда, Буюк Британия, Олмония, Австралия ва Австрия раҳбарлари афғон армиясининг толибларга қарши кураши учун маблағ ажратишга ваъда беришган.

НАТОнинг Чикаго шаҳридаги саммити 20-21 май кунлари бўлиб ўтади.