Миср: президентлик сайловида асосий рақиблар маълум бўлди

Муҳаммад Мурсий ва Аҳмад Шафиқ Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Муҳаммад Мурсий ва Аҳмад Шафиқ илк эркин сайловда асосий рақиблар сифатида кўрилмоқда.

Мисрда ўтаётган президентлик сайловида иккинчи даврага "Мусулмон биродарлар" фирқасининг вакили Муҳаммад Мурсий ва собиқ президент Ҳусни Муборак даврида бош вазир вазифасини бажарган Аҳмад Шафиқ чиқишди, дея хабар беради Миср расмий матбуоти.

"Мусулмон биродарлар" фирқаси номзоди, хабарларга кўра, сайловчиларнинг 25,3% овозини, Ҳусни Муборакнинг собиқ сафдоши эса 24,9% овозини тўплаган.

Биринчи давра натижалари расман сешанба куни эълон қилинади.

Президентлик сайловининг иккинчи давраси 16 ва 17 июнда бўлиб ўтади.

Халқаро кузатувчилар Мисрда ўтган президентлик сайловининг биринчи даврасини тарихий ютуқ дея аташган. Бироқ, Қоҳирадаги Би-би-си мухбири Жон Лайнга кўра, кўплаб мисрликлар, айниқса ўтган йилги оммавий намойишлар иштирокчилар "икки ёмондан яхшироғини танлашга" мажбур эканликларини айтишади.

"Мусулмон биродарлар" ҳам, Шафиқ сайлов штабининг вакиллари ҳам инқилоб тарафдорларини ўз номзодлари учун овоз беришга чақиришмоқда. Иккала томон ҳам бир-бирини инқилоб ютуқларини йўққа чиқаришга уринишда айблашмоқда.

Ўтмишга қайтишми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Иккинчи давра сайлови келгуси ойда бўлиб ўтади

Шафиқнинг вакили Аҳмад Сархан, Мисрда ўзгаришлар бўлишини истаганларга мурожаат қилиб, собиқ бош вазир дастури келажакка йўналга эса, "Мусулмон биродарлар" "Ислом империясини" қуришни исташаётганини айтди.

"Мусулмон биродарлар" фирқаси эса Миср халқини - агар "араб баҳори"ни қўллаб-қувватласа ва ўтмишга қайтишни истамаса - иккинчи даврада Муҳаммад Мурсийга овоз беришга чақирди.

Би-би-си шарҳловчиси Жереми Воуэен сўзларига кўра, бу сайловда ким ғолиб чиқишидан қатъи назар, уни ҳозирда мамлакатни идора этаётган ҳарбийлар билан ихтилоф ва жанжаллар кутади, зеро ҳарбий қўмондонлик бор кучи билан Мисрдаги сиёсий жараёнларга таъсир кучини сақлаб қолишга ҳаракат қилади.

Бундан ташқари мисрлик сайловчилар янги президентнинг қандай ваколатларга эга бўлишини билишмайди, чуни янги конституция ҳали эълон қилингани йўқ.

Боуэннинг илова қилишича, ўтган йилги намойишлар иштирокчилари ўз сафларидан сайловларда ғолиб чиқишига умид қилган харизматик номзодни танлай олишгани йўқ.

23 ва 24 май кунлари Миср халқи мамлакат тарихида илк эркин сайловда овоз беришди.

Сайловнинг биринчи давраси Ҳусни Муборак ҳукумати ағдарилишидан 15 ой ўтиб бўлиб ўтди.

Бу мавзуда батафсилроқ