Гардиан: Афғон аёллари толиблар қайтиб келишидан қўрқишади

Фото муаллифлик ҳуқуқи ap
Image caption Афғон қиз-жувонлари мамлакатда ўзларини хавфсиз ҳис қилмайдилар

Афғонистонда 2014 йилда халқаро қўшинлар олиб чиқилишидан кейин аёлларнинг ҳуқуқлари соҳасида бутунлай тескари ўзгаришлар юз беришидан хавотирлар бор, деб ёзади Британияда чоп этиладиган Гардиан газетаси. "Афғон аёллари Толибоннинг қайтишидан қўрқиб, мамлакатдан чиқиб кетишмоқда" номли мақолага кўра, шу боисдан кўпгина ёш қиз-аёллар мамлакатдан чиқиб кетишни хоҳлайдилар.

Афғон ҳукумати томонидан тенгликка масъулиятнинг йўқлиги ва аёлларга оилада ва иш жойларида шафқатсиз муносабатнинг сақланиб қолаётганлиги, НАТО кучлари мамлакатни тарк этгач, аёллар ҳуқуқи сиёсий кун тартибининг энг пастида қолиши бундай қурқув ҳиссини янада кучайтиради.

Фуқаролар хавфсизлигининг ёмонлашуви, охирги беш йил ичида оддий афғонларнинг ўлими ошгани кузатилган.Биргина 2011 йилда 3021 ўлим ҳолатлари қайд этилган.

"Гардиан" рўзномасига гапирган Афғонистон президенти маслаҳатчиси Гулраҳмона Кокар ҳукумат ва Толибон ҳамда бошқа исёнкор гуруҳлар ўртасидаги музокараларда аёллар ҳақлари эътиборсиз қолаётганини айтган.

Яқинда АкшинЭйд жамғармаси томонидан олиб борилган сўровлардан 86 фоиз афғон аёллари Толибон услубидаги тузумнинг қайтишидан қўрқишлари маълум бўлган, дейилади мақолада.

Сўров натижаларига кўра, ҳар беш аёлдан бир нафари ўз қизларининг таълим олишларидан хавотир билдиришган, 72 фоиз аёл эса, ҳаётлари 10 йилдан ортиқроқ вақтдан бери яхшиланганини айтган.

Коркар хонимнинг Британия рўзномасига айтишича, аёллар ўтган 10 йил асносида кузатилган тараққиёт давомий бўлишини исташади, аммо улар сиёсий жараёнлардан четда ушлаб келинмоқда.

"Ҳамма афғонлар - эркагу аёл мамлакатни хорижий қўшинларсиз кўришни хоҳлайди, аммо, менинг ўйлашимча, халқаро ҳамжамият аёллар масаласини кун тартибига қўйиши ва улар хавфсизлик ва эркинликлар таъминланишига ишонч ҳосил қилмоғи керак", дейди у.

Айни пайтда афғон сиёсатчиси Чикаго йиғини масалага мутлақо диққат қаратмаганини танқид қилади.

Кокар хонимнинг ўзи Толибон билан тинчлик музокараларига жалб қилинган ва у кўпроқ аёлларнинг сиёсий фаолият олиб боришларига рухсат берилиши керак, дея ҳисоблайди.

"Парламентимизда кўпгина аёллар бор, бироқ улар жуда заиф ролларни бажарадилар. Ҳурмат қозонаётган жуда жасур аёлларимиз бор ва айрим музокараларни эркаклардан кўра кўпроқ уларга ишониш мумкин", дейди Кокар хоним.

Толибон қайтадими?

Аёлларга қарши зўравонлик ҳоллари ортиши билан бир пайтда кўплаб маҳкамалар уларни қонунан ҳимоя қилмаслиги ортидан болалар жинсий зўрланиши, аёлларни хиёнатда айблаб қамаш ва мактаб ўқитувчилари қизларга таълим бераётгани учун ҳужумга тутилиши каби даҳшатли ҳодисалар юз бермоқда.

АкшинЭйд жамғармаси омма масалалари бўйича раҳбари Melanie Ward хавфсизлик билан боғлиқ вазият аёлларга катта таҳдид эканини айтади.

"Тажриба шуни кўрсатадики, аёлларга қарши ҳужумлар ошаётгани кўпда Толибон ҳудудда қайта назорат ўрнатаётганидан огоҳлантирувчи илк аломат бўлиб чиқади", дейди у.

Афғонистондаги аёллар ва болаларга инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатиш ноҳукумат ташкилотига кўра, кўплаб ёш аёллар мамлакатни ташлаб кетишмоқда.

"Улар Афғонистонда ўз келажакларини кўрмайдилар, шундай экан, зукко қизлар таълим олиш учун ёрдам пуллари ва ё хорижда иш топиш илинжидалар. Бир неча кун ичида пойтахт яқинидаги иккита қизлар мактаби ёқиб юборилди, мактаб ўқувчи қизларига қарши кислота сепиш ҳужумлари давом этмоқда, жинсий зўрлаш ва аёлларни ўғирлаб кетиш ҳодисалари кўпайган", деди Melanie Ward.

"Аёлларга ёрдам беришга уринган кўплаб ноҳукумат ташкилотлари ходимлари ўлдириб кетилди. Халқаро ташкилотлар тарафидан Афғонистонга киритилган миллиардлар долларлар эркак сиёсатчиларнинг чўнтакларига тушди. Аёллар эса, ўз ватанларида ўзларини хавфсиз ҳис қилмайдилар. Мамлакатдан чиқиб кета олмайдиган аёллар шу боис уйга қайта қамалмоқдалар, кўп аёллар ишлашни тўхтатишга қарор қилишмоқда", дейди у.

Melanie Wardга кўра, хорижий қўшинлар Афғонистонга кириб боргани илк йиллари кўп ижобий ўзгаришлар рўй берган, афғон аёлларининг ҳам кундалик ҳаётлари ҳам қайсидир маънода яхшиланган. "Афсуски, - дейди Ward хоним, - 2007 йилдан бири беқарорликлар кучайиши ортидан вазият мисли кўрилмаган даража ўзгарди". Бунинг баробарида эса, унинг айтишича, аёлларни таҳқирлаш ҳоллари ҳам ўсган ва ҳаёт аёллар учун мушкуллаша борган.

Аммо, мақола муаллифига кўра, аёллар ўзларини яна уй қамалиб қолишларини исташмайди.

"Нима учун Афғонистон келажагига оид барча режалар мамлакат аҳолисининг ярмини эътиборга олмайди?" дея савол қўяди АкшинЭйд ходимаси Гардиан билан суҳбатда.

Бу мавзуда батафсилроқ