Москвадан Сурияга босим ўтказиш сўралмоқда

Image caption Суриядаги вазият ҳамон қалтислигича қолмоқда

Душанба куни Британия Ташқи ишлар вазири Уильям Хейг Москвага ташриф буюрган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса, аҳоли яшайдиган жойларда оғир қуроллардан фойдаланмасликни талаб қилганидан сўнг, БМТ махсус элчиси Кофи Аннан Дамашққа сафар қилиши айтилган.

Жаноб Хейг Россия ҳукуматидан Сурияга таъсир ўтказиш ва БМТ махсус элчиси Кофи Аннаннинг тинчлик режасини бажарилишини талаб қилишни сўраган.

Россия ва Британия дипломатлари Кофи Аннаннинг тинчлик режаси Сурия инқирозида "умид" бўлганини айтишган.

Уильям Хейгга кўра, Сурия масаласида Москва ва Британия қарашлари ўзгача бўлсада, Россия расмий Дамашққа босим ўтказа олади.

"Россияда Сурия ҳукуматига таъсир ўтказишнинг етарлича турли йўллари мавжуд",- деб айтган жаноб Хейг.

Британия Ташқи ишлар вазирининг сафари олдиндан режалаштирилган бўлиб, Суриядаги қалтис вазият уни орқага сурган.

Ўтган ҳафтада Ҳула шаҳрида камида 108 киши, жумладан 34 бола ўлдирилган.

Ғарб мамлакатлари Суриянинг Ҳоула шаҳридаги қирғинни қоралаб чиқишган.

Ҳодиса юзасидан дунё бўйлаб ғазаб ортаркан, Қўшма Штатлар Президент ал-Ассаднинг "қотиллик асосидаги бошқаруви"га барҳам беришга чақирган.

Оврўпо Иттифоқи, Араб Лигаси, Франция, Британия ва Олмония ҳам ҳодисадан даҳшатга тушганларини баён қилишган ва Ассад тузумига босимларни кучайтиришга чақиришган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти эса, аҳоли яшайдиган жойларда оғир қуроллардан фойдаланмасликни талаб қилган.

Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хейгнинг айтишича, улар иттифоқчилар билан бу амалларга халқаро миқёсда "қаттиқ жавоб" бериш масаласини маслаҳат қилишмоқда. Айни пайтда Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда йиғин ўтказишга чақирилган.

"Суриядаги вазиятнинг олди олинмас экан, катта миқёсдаги қон тўкилишлар ва фуқаролар урушига айланиб кетиш хавфи айнан мавжуддир",- деб айтган жаноб Хейг.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга кўра, Сурия инқирозида "иккала томон" ҳам Ҳулада содир этилган оммавий қотилликларда иштирок этишган.

Суриядаги қуролли тўқнашувлар БМТнинг 280 кузатувчиси жойлаштирилганлигига қарамасдан давом этмоқда.

Фаолларга кўра, якшанба куни Ҳама шаҳрида яна 30 киши ўлдирилган.

Би-би-си мухбирининг Ливандан туриб хабар беришича, Ҳуладаги вазият ўзгармаган.

Якшанба куни минглаб фаоллар Ҳуладаги ҳодисаларга норозилик сифатида намойишга чиққанлар.

Россия Ташқи ишлар вазирлигига кўра, томонлар шунингдек, Яқин Шарқ ва араб дунёсидаги вазият, Эрон ядро лойиҳаси ва Оврўпони ракетадан ҳимоя қилиш тизими ҳақида ҳам музокара олиб боришади.

Бу мавзуда батафсилроқ