Афғонистон: хотинининг тилини кесган эр ҳибсга олинган

Image caption Нигина тили кесилганидан кейин 7 ойлик ҳомиласидан айрилган.

Афғонистон вилоятининг Балх вилоятида турмуш ўртоғининг тилини кесган 22 ёшли эркак ҳибсга олингани ҳақида маълум қилганлар маҳаллий полиция ходимлари.

Ҳодиса Балх вилоятининг Чаҳорбулоқ туманида рўй берган.

29 май куни эр ва хотин ўртасидаги можародан кейин полиция исмини Солиҳ деб атаётган шахс турмуш ўртоғининг тилини пичоқ билан кесиб ташлаган.

Ҳодиса жойига "Тез ёрдам" чақирилган, шифохонада аёл қорнидаги етти ойлик ҳомиласидан айрилган.

20 ёшли Нигинанинг онаси айтишича, қизини турмушга узатганига бир йил ҳам бўлмаган, бошиданоқ куёви қизини калтаклаб қийноқларга солишни бошлаган.

Кекса аёл куёвининг зўравонликларини тўхтатишни истаганини, бироқ оқсоқолларнинг гапига кириб тегишли идораларга мурожаат қилмаганини айтган.

Нигинанинг онаси сўзларига кўра, куёви қизини ножоиз иш билан шуғулланишга мажбур қилган, аммо қизи рад этганидан кейин унинг тилини кесган.

Балх вилояти Хотин-қизлар ишлари бўлими раҳбарлари ушбу ҳодисани Афғонистонда аёлларга нисбатан содир этилаётган зўравонликларнинг энг аянчли ҳодисаси деб атаганлар.

Афғонистонда аёлларга нисбатан паст табақадаги инсон деб қараш кенг тарқалганидан уларга нисбатан зўравонликлар кўп содир этилади.

Шу ой бошида 15 ёшли келинчакни қийноққа солган эрининг уч қариндоши устидан маҳкама ҳукмга чиқарди, 10 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Маҳкама ҳужжатларига кўра, Саҳаргулни фоҳишалик қилишга мажбур қилганлар.

У рад этганидан сўнг калтакланган ва бадани куйдирилган, тирноқлари юлиб олиниб, эрининг уйидаги ертўлада 6 ой қамаб қўйилган.

Бу мавзуда батафсилроқ