'Путин портретига тупургани учун 15 сутка қамалсин'

Россия маҳкамаси якка пикет чоғида мамлакат президенти Владимир Путин портретига тупургани учун маҳаллий фаол Дмитрий Каруевни “майда безорилик”да айбдор, деб топган.

“Ўзга Россия” мухолифат коалицияси аъзосининг маҳкама жараёнида билдиришича, ўз хатти-ҳаракати билан жаноб Путин олиб бораётган сиёсатдан ўз норозилигини изҳор этмоқчи бўлган.

Маҳкама эса, фаолни “майда безорилик” учун берилиши мумкин бўлган энг қаттиқ жазо – 15 суткага ҳибс этишларига буйруқ берган.

Ҳакамлар ва полиция ходимларига кўра, Каруев Россия президенти портретига тупуриш билан жамиятга ҳурматсизлик қилган.

Фаолни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келаётган “Қилич ва қалқон” инсон ҳақларини сақлаш ташкилоти эса, аллақачон маҳкама ҳукми юзасидан шикоят аризаси билан чиққан.

Ҳаммаси нимадан бошланди?

Аён бўлишича, Москвадаги “Миллионлар марши” иштирокчиларига бирдамликларини изҳор этиб, Чебоксар шаҳридаги мухолифат фаоллари Владимир Путиннинг қабулхонаси ёнида якка-якка пикетлар уюштиришган.

“Сўл жабҳа” аъзоларидан бири эса, у ерга Владимир Путиннинг оппоқ тасмачалар билан безатилган портретини келтирган.

Гарчи пикетда иштирок этмаётган бўлса-да, Каруев портретни қўлига олиб, унга қараб тупурган.

Ушбу воқеа акс этган видеотасвир эса, терговчиларнинг қўлига тушган.

Фаоллар қандай фикрда?

Россиялик инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, ўз амали билан Дмитрий Каруев жамиятга ҳеч қандай зиён етказмаган.

Бошқа томондан, унинг ўзи ҳам худди шундай фикрда.

Фаолга кўра, ўз фикрини эркин ифодалаш ҳуқуқидан фойдаланиб, шунчаки норозилигини изҳор этган, холос.

Ҳуқуқ ҳимоячилари, ўз ўрнида, Каруевнинг тўлиқ оқланишига эришмай қўймасликларини айтишмоқда.

“Агар Россия маҳкамаларида бунга муваффақ бўлолмасак, инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамасига мурожаат этишимизга тўғри келади”, деб айтган россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси Алексей Глухов

Бу мавзуда батафсилроқ