Ассад Сурия ҳукумати Ҳуладаги қирғинга алоқаси йўқлигини айтган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Башар Ассад Ҳуладаги воқеаларга омма олдида биринчи бор фикр билдирган

Сурия президенти Башар ал- Ассад Ҳуаладаги оммавий қотилликда ҳукумат кучларининг иштироки борлигини рад қилган.

25 май кечаси Ҳулада 100 дан ортиқ киши, жумладан 30 дан ортиқ болалар ваҳшийларча ўлдирилган, кўпчилиги бўғизлангани маълум бўлган эди.

Башар ал-Ассад "бундай даҳшатли жиноятни махлуқ ҳам қилолмасди", - деб айтган .

Сурия ҳукумати олдида чиқиш қилган Ассад ташқи кучларнинг Сурияга қарши уруш бошлаганини, кўрилаётган барча сиёсий чораларга қарамасдан терроризмнинг кучайиб бораётганлигини таъкидлаган.

БМТ кузатувчилари Ҳуладаги ҳодисани қирғин, дея баҳолашган.

Гувоҳларга кўра, қотилликни асосан ҳукуматга алоқадор кучлар амалга оширишган.

Ҳуладаги оммавий қотиллик бутун дунёда қаттиқ қораланди.

Бир қанча ғарб давлатлари норозилик белгиси сифатида Сурия элчи ва дипломатларини мамлакатларидан чиқариб юборди.

Терроризмга йўл қўймаслик

"Биз ҳозир гувоҳ бўлаётган ҳодисалар динлар ўртасида қарама-қаршиликни кучайтиришга интилиш, терроризмни кенг ёйишдир",- деб айтган жаноб Ассад.

Сурия президентининг нутқи телевидение орқали кўрсатилган.

Президент Ассад мамлакати учун инқироздан қочиб қутулиб бўлмаслигини, уни енгиш оғриқли кечишини айтган.

Башар ал- Ассад Сурия халқи чет кучларнинг мамлакатга киришига бутунлай қаршилигини билдирган.

Унга кўра, мамлакатда аввало терроризмни тугатиш лозим, террористик амалларни бошқараётганлар учун музокара ўтказишнинг аҳамияти йўқ.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг 1 июнда қабул қилган резолюцияси Ҳуладаги қотилликларни текширишга чақирган.

Кенгаш аъзоси бўлган 47 давлатдан 41 таси маъқуллаган бу резолюцияга Россия, Хитой, Куба давлатлари қарши чиққан.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ҳуладаги воқеа қатор мамлакатлар томонидан "Сурияга ташқи кучларни киритиш" мақсадида фойдаланилишидан ўз хавотирини билдирган.

Бу мавзуда батафсилроқ