Сербия Президенти Томислав Николич: Сребреницадаги ҳодиса геноцид эмас

Сребреница яқинидаги Потокари деган жойда топилган 610 инсон жасадлари қолдиқлари солинган тобутлар Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Сребреница ва Сараеводаги жиноятлар Оврўпода Иккинчи Жаҳон урушидан кейин содир этилган энг жиддий ҳарбий жиноятлар ҳисобланади.

Сербиянинг янги сайланган президенти Томислав Николичнинг айтишича, 1995 йил Сребреница шаҳрида рўй берган қирғин геноцид эмас.

Чероногория давлат телевидениесига гапирган Президент Николич сўзларига кўра, Сребреницада қатлиом эмас, "жиддий ҳарбий жиноятлар" содир этилган.

Томислав Николич Сербияда 20 май куни ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонган ва 31 май куни президент сифатидаги фаолиятини бошлаган.

1995 йил Сребреницада 8000 мусулмон эркак ва ўғил болаларнинг Босния серблари ҳарбийлари томонидан ўлдирилгани БМТнинг Гаагадаги ҳарбий трибунали ва Халқаро Адолат маҳкамаси томонидан геноцид дея эътироф этилган.

"Сребреницада айрим серблар томонидан жиддий ҳарбий жиноятлар содир этилган, уларни топиш, маҳкамага тортиш ва жазолаш керак", деб айтган Сербия раҳбари.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Томислав Николич 31 май куни Сербия президенти сифатидаги фаолиятини бошлаган.

Кўпчилик Томислав Николични серб миллатчиси деб билади.

Геноцид айбловлари Босния серблари қўмондони генерал Ратко Младич ва уруш пайтидаги сиёсий раҳбар Радован Караджичга нисбатан илгари сурилган.

Уларнинг иккови устидан ҳам Гаагадаги халқаро трибуналда собиқ Югославиядаги ҳодисалар бўйича маҳкама давом этмоқда.

"Кимнидир геноцид деб таърифланган ҳодисада айблаш ва буни маҳкамада исботлаш жуда қийин", деб айтган Николич.

Генерал Ратко Младич раҳбарлигидаги Босния сербларининг қўшинлари БМТ тинчликни сақлаш кучлари назоратида бўлган анклав Сребреницани босиб олганидан бир неча кун ўтиб қирғин содир этилган.

Томислав Николичдан олдинги Сербия президенти Борис Тадич 2005 йилда Сребреницада ҳалок бўлганларнинг яқинларидан узр сўраган ва у ердаги хотирлаш маросимида иштирок этган эди.

Яқинда Гаагадаги ҳарбий трибунал қораловчиси генерал Ратко Младични Боснияда "этник тозалашни амалга ошириш"га уринишда айблади.

Ратко Младичга нисбатан 11 айблов илгари сурилган.

Бу айбловлар орасида 1992-1995 йиллардаги Босниядаги урушда қатлиом содир этиш, бошқа ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятлар бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ратко Младич ўзига нисбатан илгари сурилган айбловларни "даҳшатли айбловлар" деб атаган.

Трибунал қораловчисининг ўзига нисбатан илгари сурган айбловларини Ратко Младич "даҳшатли айбловлар" деб атаган.

Маҳкама буни унга қўйилган айбларни тан олмаслик деб қабул қилди.

Младич Сребреницада 8 минг мусулмонни ўлдиришни ташкил этишда, шунингдек Сараево шаҳрини қамал қилишда айбланмоқда.

Сараево қамали 10 мингдан ортиқ инсоннинг ўлимига олиб келган.

Ҳозир 69 ёшда бўлган Ратко Младич 16 йил давомида қочиб юрди ва 2011 йил май ойида Сербия махсус кучлари томонидан қўлга олиниб, халқаро трибуналга топширилди.

Ратко Младич устидан маҳкама жараёнини тезлаштириш мақсадида унга қўйилган жиноятлар сони камайтирилган.

Кўпчилик фикрича, умрида бир марта инсултни бошидан ўтказган Младич маҳкама охиригача яшамаслиги мумкин.

Сребреница ва Сараеводаги жиноятлар Оврўпода Иккинчи Жаҳон урушидан кейин содир этилган энг жиддий ҳарбий жиноятлар ҳисобланади.

Айримларнинг назарида Ратко Младич "қассоб", айримлар учун у миллий қаҳрамон.

Младичнинг собиқ раҳбари Босния собиқ президенти Радован Караджич 2008 йилда ҳибсга олинган, унинг устидан маҳкама давом этмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ