Россия мухолифатчиларининг уйида тинтув ўтқазилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Мухолифат етакчиларининг уйларида тинтув тўсатдан, эрта тонгда бошланган.

12 июн, сешанба куни Москва марказида ҳукуматга қарши ўтқазилиши режалаштирилган "Миллионлар марши"дан олдин Россия мухолифатининг бир нечта вакиллари ўз уйларида тинтув бошланганидан хабар беришган.

Душанба куни эрталаб Россия мухолифатининг кўзга кўринган вакилларидан бири Алексей Навалний хонадонида тинтув ўтқазилган.

Россия мухолифати вакиллари ижтимоий тармоқлар орқали телебошловчи Ксения Собчак уйида ҳам тинтув бўлиб ўтганидан хабар қилишган.

Полиция Борис Немцовнинг уйига ҳам борган, бироқ Немцов уйида бўлмаган.

Россия Федерацияси қидирув қўмитаси " Москвадаги Болотний майдонида оммавий тартибсизликларга ва ҳуқуқ ташкилоти ходимларига нисбатан куч ишлатишга олиб келган намойишларнинг ташкилотчилари ва қатнашчилари яшаш жойларида тинтув ўтқазилган"ини тасдиқлади,- деб хабар берган РИА Новости ахборот агентлиги ушбу қўмита расмий вакили Владимир Маркин сўзларига иқтибосан.

"Жумладан, Алексей Навалний, Сергей Удалцов, Иля Яшин ва бошқаларга нисбатан тинтув ўтқазилади. Ҳаммаси бўлиб камида ўнта тинтув ўтқазиш режалаштирилган",- деб айтган жаноб Маркин.

"Эшикни синдиришларига оз қолди"

Эрта тонгда хавфсизлик ходимлари юрист ва блоггер Алексей Навалний уйига бостириб киришгани ҳақида унинг ўзи хабар берган.

"Қойил! Менинг уйимда тинтув кетмоқда. Оммавий тартибсизликлар иши бўйича. Эшикни синдиришларига оз қолди, аслида синдиришди ҳам",- деб ёзади Навалний Твиттердаги саҳифасида.

Навалнийнинг сўзларига кўра, полиция болалар фотосуратлари жамланган диск ва кийим-кечакларни олиб кетган.

Сўл қанот раҳбари Сергей Удалцов ҳам Твиттерда кекса ота-онасининг уйида тинтув ўтқазилиб, улар қўрқитилганини билдирган.

Би-би-си мухбирига кўра, 6 майдаги "Миллионлар марши"да умуман қатнашмаган телебошловчи Ксения Собчак уйида тинтув ўтказилган.

Ксения Собчакнинг журналистларга айтишича, унинг шахсий ҳужжат ва буюмлари, пуллари олиб кетилган."Бу жуда ҳақоратли тарзда амалга оширилди. Улар уйимга эрта тонгда бостириб киришди. Кийиниб олишга ҳам қўйишмади. Ҳатто шахсий хатларни ҳам ўқишди",- деб айтган Собчак мухбирларга.

Россия Федерацияси қидирув қўмитаси сўзчиси Владимир Маркиннинг билдиришича, бугунги амалиёт Владимир Путиннинг сайланишига қарши ўтган ойда ўтказилган кўча намойишларидаги тартибсизликлар оқибатларини ўрганишнинг бир қисмидир.

" Қидирув ишлари тартибсизликларга айланиб кетган намойишларни ташкил қилган иштирокчиларнинг фаолиятини ўрганиш мақсадида олиб борилмоқда. Шуни айтишим лозимки, қидирув ишлари гувоҳларнинг кўрсатмалари, Россия қонунлари доирасида, намойишларни тартибсизликларга айлантирилиши жиноятини ўрганиш миқёсида олиб борилмоқда",- деб айтган Владимир Маркин.

"Тинтув қўрқитишнинг бир йўли"

Москвадаги юришларнинг асосий ташкилотчиларидан бири Мария Баранова расмийлар фаолларнинг ҳаракатига ҳар қандай йўл билан қаршилик қилаётганини айтган.

"Бизнинг бешта етакчи одамларимизга нисбатан эрталабдан тинтув ўтказилмоқда. Нима бўлаётганини тушунмаяпмиз. Бир қанча фаолларимиз шу ернинг ўзида ҳибсга ҳам олинди. Ҳеч ким бизга нима бўлаётганини тушунтирмаяпти, ҳимоячиларимиз билан гаплашишга ҳам қўйилмаяпти. Умуман тўсатдан нимага бундай бўлаётганини тушуна олмаяпмиз".

Мухолифат фаолларидан Андрей Пионтковский ҳам "ўтказилаётган тинтувни қўрқитишнинг бир йўли",-деб билади.

" Ҳукумат москваликларни шу йўл билан қўрқитмоқчи. Юз минглаб Озод Россия Манифести тарафдорларини ноқонуний Путин режими билан муросага кўнишга мажбур қилишмоқчи".

"Бу 37 йилни эслатяпти. Бу яхши эмас. Навалний тарафдорларининг коррупцияга қарши курашини қўллаб-қувватлайман. Бироқ эртанги намойишга чиқмоқчи эмасдим, лекин бугунги ишлардан кейин боришга қарор қилдим",- деб айтган Навалнийнинг қўшниси Би-би-си мухбирига.

Москва шаҳар ҳокимлиги тасдиқлаган ҳужжатга биноан "Миллионлар марши"га 50 мингга яқин одам йиғилиши кутилмоқда.

Узоқ баҳсу мунозаналардан сўнг намойиш ташкилотчилари ва Москва ҳукумати ўртасида юришни Страсний булвардан Сахаров проспектигача масофада ўтказишга келишилган.

Бу мавзуда батафсилроқ