Ироқ: Ҳилла ва Бағдодда бомба ҳужумлари 84 инсоннинг умрига зомин бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Яқин бир неча кун ичида имом Муса ал-Козим ўлдирилгани санасини нишонлаётган шиаларга қарши қатор ҳужумлар уюштирилган

Ироқ полициясига кўра, 6 вилоятда, жумладан, Бағдоднинг 10та ҳудудида амалга оширилган бомба ҳужумларида 84 инсон нобуд бўлган, 300га яқин киши тан жароҳати олган.

Ироқ пойтахтида шиа зиёратчилари тўпланган диний маросим чоғи юз берган портлашда яна кўплаб инсонлар ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинади.

Ҳилладаги ресторанлардан бири яқинида 2та машинада ўрнатилган бомба портлатиларкан, 21 киши нобуд бўлган.

Яқин бир неча кун ичида имом Муса ал-Козим ўлдирилгани санасини нишонлаётган шиаларга қарши қатор ҳужумлар уюштирилган.

Якшанба куни Бағдоддаги зиёратгоҳ яқинида амалга оширилган ҳужум 4 нафар инсоннинг умрига зомин бўлганди.

Ироқ Ички ишлар вазирлигига кўра, мазкур ҳужум ортидан шаҳар бўйлаб хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Чоршанба куни Ҳилла шаҳридан олинган суратларда портлашдан кейинги манзара: вайрон бўлган ресторан, автомобиллар, тўзиб кетган кўчалар акс этган.

Полиция ва ўт ўчирувчилар ҳодиса жойида тозалаш ишлари олиб боришмоқда.

Бир неча йил олдинги мазҳаблараро қотилликлардан сўнг Ироқдаги зўравонликлар чўғи пасайган, бироқ жангарилар хавфсизлик кучлари ва тинч аҳолига қарши тез-тез ҳужумлар уюштириб туришади.

Шиаларга қарши сўнгги ҳужумлар Бош вазир Нури ал-Маликий ҳукумати Сунний Ироқия блоки юқори мартабали аъзоларига қарши ҳаракатлари ортидан кузатилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ