НАТО Покистон орқали таъминот йўли қайта очилишига умид қилади

Оғир юк машиналар ва контейнерлар Покистон бандаргоҳлари ва Афғонистон чегарасига яқин ҳудудда тўхтаб қолган ва ишлари ушбу сердаромад соҳага боғлиқ бўлган ҳайдовчилар зарар кўрмоқдалар Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Оғир юк машиналар ва контейнерлар Покистон бандаргоҳлари ва Афғонистон чегарасига яқин ҳудудда тўхтаб қолган ва ишлари ушбу сердаромад соҳага боғлиқ бўлган ҳайдовчилар зарар кўрмоқдалар

НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен Афғонистонга Покистон орқали транзит йўли "яқин келажакда" очилишига умид билдирган.

Афғонистондан чиқиб кетишни режалаётган НАТО бу борада кўпроқ танловга эга бўлиш истагида.

Яқинда НАТО Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон билан транзит бўйича келишувларини эълон қилганди.

Душанба куни Америка ҳайъати Покистон орқали ўтувчи таъминот йўлини қайта очишга қаратилган музокаралар боши берк кўчага кириб қолиши ортидан Исломободни тарк этишган.

'Марказий Осиё орқали йўл қиммат'

Бир неча ойдирки, НАТОнинг юк машиналари Покистон орқали Афғонистонга ўта олмайди.

Оғир юк машиналар ва контейнерлар Покистон бандаргоҳлари ва Афғонистон чегарасига яқин ҳудудда тўхтаб қолган ва ишлари ушбу сердаромад соҳага боғлиқ бўлган ҳайдовчилар зарар кўрмоқдалар.

Икки мамлакат ўртасидаги чегара нуқталари ўтган ноябр ойида НАТО ҳужумида 24 нафар Покистон аскари ўлдирилиши ортидан ёпиб қўйилганди.

Аммо, муаммо яқинда ҳал бўлади деган тахминлар АҚШ музокарачилари Исломободдан бирон бир натижага эриша олмай ортга қайтишлари боис йўққа чиқди.

Юзага келган вазият НАТОни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон билан келишувга эришишга мажбурлади. Жаноб Расмуссен Австралияга сафари чоғи Марказий Осиё орқали кўзланган транзит йўллари Афғонистондан хорижий аскарларни олиб чиқиш жараёнида катта аҳамиятга эга бўлишини айтди.

"Биз иложи борича кўпроқ муқобил йўлларга эга бўлмоқчимиз. Бу мураккаб вазифани амалга ошириш ташкилий жиҳатдан жуда мушкул. Шунинг учун, биз турли транзит йўлларига ўта муҳтожмиз", деди НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен.

Унинг қўшимча қилишича, НАТО Покистондан ўтувчи жанубий таъминот йўлини қайта очилишига умид қилади.

"Бизнинг Покистон орқали транзит йўлларимиз вақтинчалик ёпиб қўйилган. Анчадан бери музокара олиб бораётган НАТО расмийлари уларни қайта очиш илинжидалар. Ҳозирга қадар биз мақсадимизга эриша олмадик. Покистон орқали ўтувчи таъминот йўлларини қайта очилишига умид қиламиз", деб айтган НАТО Бош котиби.

Покистон орқали ўтувчи йўлакнинг қайта очилишида моливий томон ҳам катта рол ўйнайди. Хабарларга кўра, Марказий Осиё таъминот йўли жанубий транзит йўлига қараганда камида икки баробар қимматга тушади.

Бу мавзуда батафсилроқ