Россия Сурияга нисбатан босимни кучайтиришга чақирилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Россия Сурияга нисбатан куч ишлатишга қарши қолмоқда

Россия Сурияга муносабатини қатъийлаштириши борасида босим остида қолмоқда.

Бир неча давлатлар Сурияда фуқаро урушига доир хавотир изҳор этган.

Америка Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Кремлни Сурияга нисбатан мавқеисини конструктив бир шаклда ўзгартирмаса бутун Яқин Шарқда ўз обрўсини йўқотиши билан огоҳлантирган.

Франса Кофи Аннаннинг тинчлик режаси БМТ томонидан кучга киритилиши лозим деб ҳисоблайди.

Аммо Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва куч ишлатишга рози бўлмаслигини урғулаган.

Хитой ҳам БМТ Хавфсизлик кенгашида Сурияга нисбатан ҳарбий куч ишлатиш амалини қўлламаслиги тайин.

Айни пайтда Халқаро Амнистия ташкилоти, Сурия ҳукуматини уруш ва инсониятга қарши жиноятларда айблаган.

Адоғи кўринмаётган зўравонлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи na
Image caption Сурияда ҳукуматнинг зўравонлиги давом этаётир

Сергей Лавров бугун Афғонистонда Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Ҳейг билан учрашиши кутилмоқда.

Чоршанба куни Лавров жаноблари Теҳронда мухбирлар билан учрашувда Россия Ливияга нисбатан куч ишлатилганидан кейин у ердаги вазиятга кўз юмолмаслигини урғулаган.

НАТО БМТ қарорларини писанд қилмади деб айтган у.

Лавров жанобларининг айтганлари Эрон матбуоти томонидан нотўғри таржима қилингани Вашингтон ва Москва муносабатларига раҳна солиш эҳтимоли ўртага чиққан.

Сергей Лавровнинг минтақага Америка қуроллари таъминоти мавжудлиги ҳақидаги айтганлари, Теҳрон матбуотида "Америка Сурия исёнкорларини қурол билан таъминламоқда", деб берилган.

Клинтон хоним Москвани Сурия ҳукуматига ҳарбий ҳужумчи вертолётлар жўнатишда айблаб, Дамашқ билан барча "ҳарбий алоқаларни узишга " чақирган.

Унинг бу чиқиши Лавров жаноблари томонидан ғазаб билан қаршиланган.

" Биз Сурия билан аввал имзоланган қонуний шартномаларни бажармоқдамиз, бу ҳаво ҳужумидан ҳимояга доир қуроллар, тинч аҳолига қарши ишлатиладиган эмас...Америка эса бу каби қуролларни минтақага мунтазам етказиб туради", деб айтган Россия Ташқи ишлар вазири.

Москвани Сурия билан ҳарбий алоқаларни узишга чақирар экан, Клинтон хоним сўнгги йиллар давомида Россия ва Америка муносабатлари анчайин конструктив бўлганини айтган.

Аммо Клинтон хонимга кўра, Сурия борасида ҳар икки давлат турфа қарашларга эга.

Мухолифатга кўра, Чоршанба куни Сурияда кечган зўравонлик камида қирқ инсоннинг ёстиғини қуритган.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Сурияда ўтган йил март ойида бошланган исёндан бери 10000 киши қурбон бўлган.