Саудия Арабистонида мусулмонлар валиаҳд шаҳзодани дафн этмоқдалар

Шаҳзода Найиф
Image caption Шаҳзода Найиф Саудия Қироллигини ўн йиллардан буён идора қилган юқори раҳбарлардан бири эди

Саудия Арабистони бугун кечроқ Маккада валиаҳд шаҳзода Найиф бин Абдулазиз ал-Саудни дафн этишга тайёргарлик кўрмоқда.

Шаҳзода Найифнинг жасади Саудия Арабистонидан Женевадан келтирилган.

Валиаҳд шаҳзода Женевада даволанаётган пайти оламдан ўтган.

Саудия Арабистонида шаклланган Исломий анъанага мувофиқ, шаҳзода Найиф тупроққа топширилади ва ер билан текис қабр устига кичик бир тош қўйилади.

Бўлажак қабр бошқа юзлаб қабрлардан ҳеч қандай фарқ қилмайди.

Шаҳзода ўтган йил октябрида акаси шаҳзода Султон вафот этиши ортидан тахт валиаҳди этиб тайинланган эди.

Қисқа вақт ичида икки валиаҳднинг оламдан ўтиши Саудия подишоҳлигида кекса раҳбарлар даври поёнига етиб бораётганини англатади.

Кейинги валиаҳднинг шаҳзода Салмон бўлиши кутилмоқда.

Шаҳзода Салмон ўн йиллардан буён Саудия Арабистони Мудофаа вазири ва пойтахт Риёз ҳокими вазифасини бажариб келади.

У ҳам замонавий Саудия давлатининг асосчиси Ибн Сауднинг кексайиб бораётган кўп сонли фарзандларидан биридир.

Тахт ворисини тайинлаш жараёни сиртдан қаралганда ўта сокин кўринган Саудияда ўта силлиқ ўтиши кутилмоқда.

Аммо ушбу сокинлик остида ўта қийин ва мураккаб муаммолар ётибди: ёшлар ўртасида ишсизликнинг юқорилиги, аёллар ҳуқуқлари ва араб дунёсини остин-устун қилган инқилоблар.

Саудия Арабистонида ҳар қандай ўзгаришлар аста секинлик билан амалга оширилади.

Аммо баъзиларга кўра, Шаҳзода Найиф ўлими ўзгаришларни бир умр четлаб ўтиш имконсиз эканини ёдга солади.

Ёши 90ларга яқинлашиб қолган Подишоҳ Абдуллоҳнинг ҳам соғлиги яхши эмаслиги айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ