Туркия: Қамоқхонада чиққан ёнғинда 13 киши ҳалок бўлди

Қамоқхона Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Шонли Урфадаги қамоқхонада 1,000 маҳкум жазо муддаттини ўтамоқда

Туркия жануби-шарқида жойлашган Шонли Урфа шаҳридаги қамоқхонага ўт кетган.

Маҳаллий матбуотда чиққан хабарларга кўра, ёнғинга маҳкумларнинг кўрпа-тўшак ва чойшабларни ёқиб юборишлари сабаб бўлган.

Ўн уч инсон тутундан бурсиқиб ўлган ва яна 5 нафар маҳкум шифохонага ётқизилган.

Қамоқхона ходимлари ёнғинни қамоқхонанинг бошқа биноларига ёйилишидан олдин ўчиришга муваффақ бўлганлар.

Илгари сурилаётган фаразга кўра, қамоқхонада ғалаён чиқаришни мақсад қилган маҳкумлар кўрпа-тўшакларга ўт қўйганлар.

Бироқ маҳаллий мулозимлар ушбу фаразни рад этганлар.

Вилоят ҳокими Рейтер агентлиги билан суҳбатда маҳкумлар ўртасида жанжал чиқиши оқибатида қамоқхонага ўт қўйилганини айтган.

Шонли Урфа қамоқхонасида ҳаммаси бўлиб бир мингга яқин маҳкум сақланади.

Улар орасида сиёсий маҳкумлар ҳам бор.

Қамоқхонада шунингдек Туркия парламентининг собиқ аъзоси Ибраҳим Айхан ҳам жазо муддатини ўтамоқда.

Ибраҳим Айхан Туркиядаги курдлар ҳақ-ҳуқуқлари учун курашган таниқли сиёсатчилардан бири ҳисобланади.

Туркия матбуотига кўра, ёнғинда унга зиён етмаган.