Москвада Эрон ядровий дастурига оид музокаралар бошланди

Музокара иштирокчилари Фото муаллифлик ҳуқуқи ISNA
Image caption Мутахассислар Москва музокараcида бирор бир ижобий натижага эришилмаслигига ишонишади

Душанба куни Москвада Эрон ядровий дастури юзасидан икки кунлик ёпиқ музокаралар бошланган.

Дипломатлар музокаралардан қандайдир натижаларга умид қилишмоқда, аммо мутахассислар учрашув бирор бир жўяли самара беришига ишонмасликларини айтишади.

Теҳроннинг атомий дастури юзасидан музокараларда - Америка, Британия, Хитой, Россия, Франса ва Олмония иштирок этмоқда.

Ғарб доим Эронни атомий қуролга эга бўлиш ҳаракатида деб шубҳаланади. Теҳрон эса доимо бу шубҳаларни рад этади.

Йирик давлатлар аввалги уч талабларини яна такрорлашлари эҳтимоли ҳақиқатга яқинроқдир, деб хабар қилади Москвадаги Би-би-Си мухбири.

Унга кўра, улар Эрон юранни тўйинтиришни 20% қилиб чеклаши, қолган 20% тўйинтирилган юранни экспорт қилиши ва ниҳоят Қум яқинидаги иншоотини ёпиб ташлашини истайди.

Бунинг эвазига, олти давлат вакиллари Эронга атомий хавфсизликка доир амалларда ёрдам таклиф этмоқда.

Аммо Би-би-си мухбирига кўра, бу Эрон учун этарли эмас.

Теҳрон ғарб ўзига ўрнатган жазо чораларини, булар қаторида Оврўпо Иттифоқининг нефт савдосига қўйган эмбаргоси ва Американинг Эрон Марказий Банкига қарши чоралари бекор қилинишини истайди.

Шунингдек, Эрон юранни тўйинтириш йўлида ўзининг ҳақи шартсиз экани ва буни бошқалар тан олишини ҳоҳлайди.

БМТнинг Атом дастурлари бўйича назорат ташкилоти Эрондаги бир неча иншоотни текширишга ҳаракат қилмоқда.

Аммо, ташкилот раисига кўра, шу ой бошларида бу масалада Венадаги музокараларда бирор бир илгарилаш бўлмаган ва бу ҳафсалани пир қиладиган ҳолатдир.

Ўтган йил ноябр ойида бу ташкилот Эронда атомий қурол яратилишига алоқадор тадқиқотлар ўтказилганини даъво қилганди.

Эрон ўз атомий дастурининг ҳарбий томони йўқлигини урғулаб келади.

Бу мавзуда батафсилроқ