Аун Сан Су Чи Би-би-си Жаҳон Хизмати қароргоҳига ташриф буюрди

Душанба, 19 июн куни 67 ёшни қаршилган Бирма мухолифати раҳбарининг кун тартибида Лондон Иқтисод университети ва Би-Би-Сига сафари қайд этилганди.

Тушки соат 12 да Би-би-си Жаҳон Ҳизмати ходимлари Аун Сан Су Чи хонимни яқиндагина кўчиб ўтилган янги бинода қаршиладилар.

Сан Су Чи хонимнинг Би-БиСига етиб келган онлари бинодаги деярли ҳамма, яъни бир неча минг ходим, ойнванад деворнинг ёнига йиғилганди.

Сан су чи хоним Бинонинг бешинча қаватига, Жаҳон Хизмати қароргоҳига кўтарилиб, нутқ сўзлади.

Ўзининг қисқа нутқида Аун Сан Су Чи Би-Би-Си Жаҳон Хизмати у учун жуда катта аҳамиятга эга эканлиги, уй қамоғида бўлган йиллар мобайнида Би-Би-Си ташқи дунёга кўприк ва дарча сифатида хизмат қилганлигини айтди.

Лекин айни вақтда Жаҳон Хизматининг дастурларида бир вақтлар у мириқиб эшитган ранг-баранглик йўқолиб бораётганлигини ҳазиломуз тарзда тилга олиб ўтди.

Уни қаршилаган Би-Би-Си расмийлари уни туғилган куни билан табриклаб, совға сифатида Жаҳон Хизматининг аввалги биносидан олинган микрофнни тақдим этдилар.

Бу Сан Су Чи хонимнинг 1988 йилдан бери Оврўпога биринчи сафаридир. У умрининг охирги 24 йилининг аксар қисмини Бирмада уй қамоғида ўтказди ва расмийлар 2010 йилигина уни хонабандликдан озод этдилар.

Бир неча кун аввал у Ослода 20 йил аввал унга тақдим этилган Нобел мукофотини баниҳоят расман қабул қилиб олди.

20 йил аввал мукофотни олиш учун Бирмадан чиқиб келса, уни ортга киргизмасликлари эҳтимоли борлиги учун Ослога келмаганди.

Душанба куни Бирма мухолифати раҳбари Ирландия Республикасида эди ва сешанба эрталаб Британияга етиб келди.

Кечга у томон йилларча аввал ташлаб кетган Оксфорддаги уйига йўл олади.

Аун Сан Су Чи хоним Бирмага кетишидан аввал Оксфордда турмуш ўртоғи ва икки ўғли билан яшаган.

Турмуш ўртоғи 1999 йили касалликдан вафот этган, ўшанда ҳам у дафн маросимига кела олмаган.

Ҳафта мобайнида Су Чи хоним шунингдек, Британия Қироличаси оиласи аъзолари, жумладан шаҳзода Чарлз ва унинг турмуш ўртоғи билан учрашади.

У шунингдек Британия парламентида нутқ сўзлаб, бош вазир Дэвид Камерон ва ташқи ишлар вазири Уилям Ҳейг билан учрашади.