Меҳнат муҳожирларининг пул жўнатмалари бўйича Россия юқори учликда

Россия меҳнат муҳожирлари пул жўнатмаларининг ҳажми бўйича АҚШ ва Саудия Арабистонидан кейин юқори учликка кўтарилган.

Жаҳон Банки бу каби хулосага ўзининг янги ҳисоботида келган.

Банк янги тадқиқотлари жараёнида сўнгги глобал молиявий инқирознинг муҳожирлар пул жўнатмаларига таъсирини ўрганмоқчи бўлган.

Халқаро молиявий ташкилот ҳисоботида айтилишича, "айрим мезбон давлатларда аксилмуҳожирлик кайфиятлари кучайгани ва иш топиш имкониятлари ёмонлашганига қарамай, меҳнат муҳожирлари сони ва улар ўз яқинларига юбораётган маблағлар ҳажми камаймаган".

Банк мутахассисларига кўра, аксинча, меҳнат муҳожирларининг борликлари "мезбон" мамлакатларга қўл келган.

"Чунки меҳнат муҳожирлари кам ҳақ, кам имтиёз эвазига ишлашади ва ўзлари борган давлатга кўп ҳам орқа қилишмайди".

Жаҳон Банкига кўра, шу билан бир вақтнинг ўзида, тўғридан-тўғри сармоялар миқдори кескин пасайиб кетган бир пайтда, четдаги фуқаролари юбораётган маблағ уларнинг ўз мамлакатлари иқтисодига ҳам оро кирган.

Ўзбекистонлик кузатувчилар эса, Россияга меҳнат муҳожирлиги илинжида кетаётган одамларнинг сони кун сайин ортиб бораётганини айтишади.

Хўш, Россия ўзбекистонликларни ўзига нимаси билан бунчалар жалб этади?

Суҳбатдошимиз бир неча йилдан буён Россияда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонликлардан бери:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Меҳнат муҳожирлари

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бутун дунёдаги меҳнат муҳожирларининг сони бугун икки юз миллион кишидан ортади.

Бу йил уларнинг ўз уйларига жўнатажак пуллари миқдори қарийб 400 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Ўтган йил билан солиштирганда, бу деярли 30 миллиардга кўп деганидир.

Энг кўп пул эса, Ҳиндистон(қарийб 64 миллиард), Хитой(62 миллиард) ва Мексика(24 миллиард)га кетаркан.

Ялпи Йиллик Ички маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг неча фоизини меҳнат муҳожирлари юборган пуллар ташкил этиши нисбатида эса, Тожикистон (31 фоиз) пешқадамлик қиларкан.

Бу масалада юқори бешликка Қирғизистон (21 фоиз) ҳам кирган.

Ўзбекистон ва ўзбек муҳожирлари

Россия Марказий Банкининг яқинда эълон қилган маълумотларига қаралса, ўз ватанига энг пул жўнатаётган муҳожирлар ҳам ўзбекистонликлар экан.

Улар 2011 йили ўз оилаларига қарийб 5 миллиард доллар юборишган.

Ҳозир Россияда жами 10 миллионга яқин меҳнат муҳожири бўлса, Россия матбуоти ҳар иккинчи қонуний муҳожир - ўзбек, деб айтади.

Шунга қараганда, уларнинг ўтган йили Ўзбекистонга 5 миллиард АҚШ доллари атрофида пул юборишгани ҳайратланарли эмас.

Кейинги ўринда ватанига 2 ярим миллиард доллар атрофида пул ўтказган тожикистонликлар. Учинчи ўринда эса 1 ярим миллиард доллар билан қирғизистонликлар туришади.

Сўнгги кўрсаткичлар Ўзбекистонга меҳнат муҳожирлари жўнаётган пул мамлакат иқтисоди учун неқадар катта аҳамият касб этиб бораётганини кўрсатади.

Россия ва Қозоғистонга иш излаб кетаётганларни Ўзбекистонда расман "мавжуд ноз-неъматларга шукур қилмай, мўмай пул топиш илинжида четга кетаётганлар" деб тасвирлашади.

Қатор муҳожирлар уйинини тиклаб олиш, тўй қилиш ва ё оиласи учун доимий даромад келтирадиган автомашина сотиб олиш ниятида Россияда ишлашаётганини тан оладилар.

Аммо Россия кўчаларида оғир ишларни қилаётган аксар муҳожирларга кўра, улар бор-йўғи болаларига нон топиб бериш илинжида ватанни ташлаб келишган.