HRW Оврўпо Иттифоқининг Марказий Осиёга нисбатан сиёсатини қоралаб чиқди

Human Rights Watch Фото муаллифлик ҳуқуқи HRW
Image caption Human Rights Watch фикрича, ОИ МОдаги инсон ҳуқуқлари аҳволига етарли эътибор қаратмаётир

Қароргоҳи Ню-Йоркда жойлашган Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Марказий Осиёга нисбатан Оврўпо Иттифоқи (ОИ) юритаётган сиёсатни кескин қоралаб чиққан.

Ташкилот чиқарган янги баёнотда айтилишича, ОИнинг Марказий Осиё (МО) давлатларига инсон ҳуқуқлари соҳасида ислоҳотлар ўтказиш бўйича аниқ талабларни қўймаётгани ва ўз талабларини мунтазам назорат этмаётгани "унга бу минтақада юз бераётган ижобий ўзгаришларни самарали тарғиб этиш имконини бермаётир".

Human Rights Watch ташкилотининг мазкур баҳоси ОИ ўзининг "МО Стратегияси" бўйича ҳисобот чиқариши кутилган бир пайтга тўғри келмоқда.

ОИ ташқи ишлар вазирлари беш йил муқаддам қабул қилинган стратегия юзасидан келгуси душанба куни ҳисобот эълон қилади.

"Марказий Осиёдаги ижобий ўзгаришлар ҳақида гапириш осон эмас, аммо иттифоқ минтақа давлатларидан нимани кутаётганини аниқ билдирганида ва шунга мувофиқ иш юритганида яхши бўларди," - деб айтган Human Rights Watch. - “ОИ ҳозирга қадар бу йўлни тутгани йўқ, аммо буни тўғирлаб олиш ҳеч қачон кеч эмас.”

ОИга аъзо давлатлар МО минтақаси билан энергия таъминоти ва хавфсизлик каби масалаларда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини яширишмайди.

"Бироқ бу манфаат Оврўпо Иттифоқига Марказий Осиёда инсон ҳуқуқларининг поймол этилишига кўз юмиши учун баҳона бўлмаслиги керак," - дея таъкидланади Human Rights Watch чиқарган баёнотда.

Минтақадаги барча мамлакатлар инсон ҳуқуқлари бўйича ёмон кўрсаткичларга эга, дейди ташкилот.

Унга кўра, айниқса Туркманистон ва Ўзбекистон ўта ёпиқ ва репрессив сиёсати билан ажралиб туради.

Қўшниларига нисбатан яхшироқ кўрсаткичга эга Қозоғистонда ҳам инсон ҳуқуқлари вазияти ўтган бир ярим йил ичида сезиларли даражада ёмонлашган.

Human Rights Watch ОИ сиёсатидаги "беқарорлик" ҳақида сўз юритар экан, Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари соҳасида ОИ илгари сурган талабларга жавоб бермаган эсада, иттифоқ унга нисбатан санкцияаларини бекор қилганини эслатади.

Ташкилот шунингдек ОИнинг МО давлатларига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги талаблари "мулоқот" шаклида бўлаётганини танқид қилади.

Human Rights Watch шунингдек ОИни МО мамлакатларида мавжуд фуқаровий жамият вакиллари билан "ҳаққоний ҳамкорлик" қилишга чақирган.

"ОИ кўпи кучли босим ва таҳдидлар остида ишлайдиган ҳуқуқбонларга амалий ёрдам бериши керак, дейди халқаро ташкилот.

У шунингдек иттифоқдан МОдаги инсон ҳуқуқлари кўрсаткичлари ҳақида вақти-вақти билан очиқ баёнотлар билан чиқишлар қилиб туришни талаб қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ

Алоқадор интернет саҳифалари

BBC ташқи интернет саҳифалар учун масъул эмас