BBC navigation

Кобул яқинидаги меҳмонхонага ҳужум ниҳоясига етган

Сўнгги янгиланиш 22 июн 2012 - 09:06 GMT

Қарға кўли кобулликларнинг севимли дам олиш масканларидан биридир.

Кобул ташқарисидаги меҳмонхонага Толибон жангарилари томонидан уюштирилган ҳужум ниҳоясига етган. Унда камида 19 одам ҳалок бўлган. Бу ҳақида Афғонистон расмийлари хабар тарқатдилар.

Исёнчилар пайшанба оқшомида Қарға кўли қирғоғидаги Спожмай меҳмонхонасига ҳужум қилганлар, ҳамда қатор одамларни гаровга олиб, афғон хавфсизлик кучлари билан 12 соат давомида жанг қилганлар.

Ҳужумда тўрт қўриқчи ва тўрт оддий фуқаро ҳалок бўлган. Беш ҳужумчининг бари афғон кучлари ўқидан ҳалок бўлишган.

Толибон ҳужум учун масъулиятни ўз бўйнига олган ва меҳмонхона бадавлат афғонлар ва хорижликлар томонидан "беҳаё базмлар" учун ишлатилганини айтган.

Қарға кўли Кобул ташқарисида жойлашган бўлиб, афғон пойтахти аҳолисининг севимли кўнгилочар масканларидан бири ҳисобланади.

Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Куэнтин Сомервилнинг хабар қилишича, меҳмонхона хавфсизлик кам таъминланган чекка ҳудудда бўлгани туфайли Толибон учун осон нишон бўлган.

Унга кўра, хорижликлар жуда камдан-кам ҳолларда бу кўлга сафар қиладилар.

Ҳужумчилар ўнлаб одамларни гаровга олганлар. Улар гранатамёт ва бошқа оғир қуроллар билан қуролланган бўлишган.

Маҳаллий полиция зобитига кўра, кўп сонли одамлар меҳмонхонага "пикник ёки тўй базмига" йиғилгандилар.

"Биз оддий фуқаролар шикаст емаслиги учун жуда эҳтиёткорлик билан иш кўрамиз", - деди полиция раҳбари Довуд Амин.

Баъзи меҳмонлар ҳужумчилардан қочиб меҳмонхона деразаларидан сакрашгани айтилади.

Хавфсизлик амалиётини афғон кучлари олиб борганлар, бироқ уларга АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари ёрдам берган.

Ўтган бир неча ой давомида афғон армияси ва полицияси қатор исёнчи ҳужумларни бостиришда етакчилик қилиб, афғон аҳолисининг мақтовларига сазовор бўлганлар.

Зўравонлик мамлакат бўйлаб ошиб бормоқда - ўтган етти кун давомида камида уч АҚШ аскари ва 20дан ошиқ афғонлар қатор ҳужумлар қурбони бўлганлар.

Ҳужумлар НАТО қўшинларининг 2014 йилда Афғонистондан чиқиб кетишидан аввал назоратни босқичма-босқич афғон қўшинларига топшираётган даврга тўғри келмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.