BBC navigation

Pussy Riot аъзолари амалларида "диний адоват йўқ"

Сўнгги янгиланиш 22 июн 2012 - 11:35 GMT

Pussy Riot гуруҳининг панк русумидаги қўшиқлари Президент Владимир Путин ва Россия ҳукумати босимини танқид қилади

Россия президенти қошидаги инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш Pussy Riot панк-гуруҳи қарши очилган жиноий тергов ноқонуний деган хулосага келган. Кенгашга кўра, гуруҳ аъзоларининг амалларида улар айбланаётган жиноят йўқ. "Ягона Россия" депутатлари қизларни бошқа модда бўйича маҳкамага тортиш йўлида аллақачон жиноий кодексга ўзгартириш киритиш бўйича ишлай бошлаганлар.

Кенгаш илтимосига биноан ўтказилган экспертизани прокуратурада 24 йилдан бери хизмат қиладиган Мустақил эксперт ва ҳуқуқшунослар кенгаши мутахассиси Юрий Костанов олиб борган.

"Толоконникова, Самуцевич ва Алехинага диний адоватга асосланган жиноятларда айблаган терговчи бу даъволарни қўллаб-қувватловчи биронта далил-исбот келтирмаган", - дейилади эксперт хулосасида.

Кенгаш текширувига Ички Ишлар Вазирлигининг Москва шаҳар бўлими терговчиси Артем Ранченковнинг Pussy Riot гуруҳи аъзоси Надежда Толоконниковани безорилик айби билан жиноий жавобгарликка тортиш қарори асос бўлган. Агар айбдор деб топилса, Толонникова етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Кенгашнинг асосий мақсади учта қизнинг ҳибсга олиниши Россия қонунларига нақадар тўғри келиши ёки зид эканини аниқлаш бўлган.

Эксперт хулосасига биноан, "терговчи ўз қарори билан айбланувчилар амалларига баҳо беради, лекин жиноят таркибини тасвирлаб бермайди".

Унинг айтишича, ўз "панк-ибодатлари"да қизлар "насронийлик ёки унинг муқаддас шахсларига қарши нафрат изҳор этмайдилар, балки Путин ва Гундяев фаолиятининг салбий тарафларига қарши чиқиб, уларни диний идеалларга зид амал қилишда айблайдилар".

Лекин, "Ягона Россия" депутатлари айни дамда Pussy Riot аъзоларини "диний ишоралар билан адоват уйғотиш" айби асосида маҳкамага тортиш учун жиноий кодексга ўзгартириш киритишга тайёрланмоқдалар.

Москва шаҳрининг Таган туман маҳкамаси чоршанба куни Pussy Riot гуруҳининг Исо Масиҳ эҳромида безориликни амалга оширишда айбланган уч аъзосига қарши ҳибс муддатини яна бир ойга чўздирган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.