Мисрда президентлик сайлови натижалари "якшанба куни эълон қилинади"

Икки номзод Фото муаллифлик ҳуқуқи a
Image caption Миср президентлигига икки номзод - Муҳаммад Мурсий ва Аҳмад Шафиқ даъвогарлик қилмоқда

Миср Марказйи Сайлов Комиссиясига кўра, мамлакатда президентлик сайловининг якуний натижаси якшанба куни эълон қилинади.

Сайлов комиссияси ҳозирда икки президентликка номзод - "Мусулмон биродарлар" ҳаракатидан Муҳаммад Мурсий ва собиқ Бош вазир Аҳмад Шафиқ аризаларини кўриб чиқмоқда.

Иккала номзод ҳам сайловда ғалаба қилганини айтади.

"Мусулмон биродарлар" тарафдорлари сайлов натижаларини дарҳол эълон эълон қилиш талаби билан Қоҳира марказида намойиш ўтказишмоқда.

Қоҳирдаги Би-би-си мухбирининг айтишича, мамлакат иккига бўлинган ва сайловнинг якуний натижаси бу бўлинишни янада чуқурлаштириши ҳамда мамлакатдаги умумий вазиятни янада ёмонлаштириши мумкин.

Сайлов натижаси ўтган сешанба куни эълон қилиниши керак эди.

"Марказий Сайлови Комиссиясининг раиси Фарук Султон президентлик сайлови натижаларини якшанба куни соат 1500 да эълон қилади," - деди сайлов комиссиясининг бош котиби Ҳотам Багато.

Мисрни бошқараётган Олий Ҳарбий Кенгаш ўтган жума куни мамлакат парламентини тарқатиб юборди ва қонун чиқариш ваколатини ўз зиммасига олганди.

Жума куни Олий Ҳарбий Кенгаш иккала номзод тарафдорларига сайлов натижасини тан олишга чақирди.

Бу мавзуда батафсилроқ