Туркия: уриб туширилган учоқ Сурия чегарасини бузган бўлиши мумкин

Туркия қирувчи учоғи Фото муаллифлик ҳуқуқи AA
Image caption Туркия қирувчи учоғи Ўрта Ер денгизи устидан учиб ўтаркан радардан ғойиб бўлган

Туркия президенти Абдуллоҳ Гул Сурия армияси уриб туширган Туркия қирувчи учоғи Сурия ҳаво ҳудудига ўтган бўлиши мумкинлигини айтган.

Унинг сўзларига кўра, тез суръатларда учувчи ҳарбий учоқларнинг чегара чизиқларини қисқа муддатга кесиб ўтиши ғайри одатий ҳол эмас.

Туркия президентининг бу изоҳи Сурия Мудофаа вазирлиги вакили мамлакат ҳаво ҳудудида турк қирувчи учоғи уриб туширилгани ҳақида баёнот бериши ортидан янграган.

Аввалроқ Туркия бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам турк ҳарбий учоғининг Сурия қуролли кучлари томонидан уриб туширилганини эътироф этганди.

Жума куни Туркия Мудофаа вазирлиги F4 "Фантом" русумли қирувчи учоқ Ўрта Ер денгизи устидан учиб ўтаркан Сурия ҳудуди яқинида радардан йўқолганини билдирган эди.

Учувчилар ҳақида маълумот йўқ

Туркия ҳукуматининг фақулодда йиғинини ўтказган Ражаб Тойиб Эрдўған учоқнинг Сурия армияси томонидан уриб туширилганини эътироф этган.

Эрдўған тарқатган баёнотда таъкидланишича, ҳозирда ҳам Туркия ва ҳам Сурия соҳил қўриқчилари икки учувчини қидириш билан машғул.

Туркия ҳукумати ўз амаллари борасида ҳодиса тафсилоти аниқ бўлиши биланоқ маълумот беришини билдирди.

"Учувчиларимизга келадиган бўлсак, улар ҳақида бизда ҳеч қандай маълумот йўқ, аммо айни дамда бизга тегишли тўртта ва Суриянинг бир неча камаси биргаликда қидирув ишларини олиб боришмоқда", - деди Туркия Бош вазири.

Анқара ва Дамашқ узоқ йиллар яқин иттифоқчи ҳисобланишарди, аммо улар ўртасидаги муносабатлар Сурияда Президент Асадга қарши оммавий чиқишлар бошланиши ортидан бирданига ёмонлашди.

БМТга кўра, Туркия ҳудудида ҳозир Сурияда давом этаётган фуқаро уруши сабаб 32 мингга яқин суриялик қочқин бошпана топган.

Бу мавзуда батафсилроқ