'Сурия Туркия учоғини халқаро ҳудудда уриб туширган'

Туркия Ташқи Ишлар вазирлигининг билдиришича, жума куни Сурия томонидан уриб туширилган ҳужумчи учоқ халқаро ҳудудда бўлган.

Ташқи Ишлар вазири Аҳмад Дувудўғлининг айтишича, қурол-яроғлари бўлмаган учоқ Сурия томон маҳфий вазифа билан учмаган, лекин ҳодиса юз беришидан аввал Сурия ҳудудига тасодифан қисқа муддатга ўтиб қолган.

Сурия учоқни ўз ҳудуди узра, "бу каби вазиятларда амал қилувчи қонунларга мувофиқ" уриб туширганлигини таъкидлаб келмоқда.

Учоқнинг икки учувчисини қидириш ишлари ҳануз давом этмоқда.

Анқара ҳодиса тафсилотлари бутунлай аниқлаштирилганидан сўнг Суриянинг бу амалига жавобий қадам қатъий, кучли ва қонунуий бўлишини билдирган.

Туркия учоғининг тахмний йўналиши:

1. F-4 Phantom учоғи 22 июн маҳаллий вақт билан соат 10.28 Эрхач ҳаво базасидан кўтарилди.

2. Суриянинг даъво қилишича соат 11.40 да учоқ Сурия ҳудудига кириб келган.

3. Туркия Ҳаво Кучлари эса соат 11.58 да Хатай вилояти устида бўлган вақти алоқани йўқотганлигини билдирган.

4. Сурия учоқни ўз қирғоқларидан 1км ча узоқликда ҳужумга тутган ва кейинчалик у 10 км узоқликда қулаб тушган.

Аввалроқ Туркия президенти Абдулла Гул учоқ Сурия ҳаво ҳудудига тасодифан кириб қолган бўлиши мумкинлигини айтганди.

Унга кўра, ўта тез учувчи учоқларнинг қисқа масофага қўшни мамлакатлар ҳудудларига ўтиб қолишлари тез-тез рўй бериб турадиган ҳолатдир.

Жаноб Гул Суриянинг учоқни уриб туширгани амалини эътиборсиз қолдира олмаслигини билдирганди.

Бир вақтлар яқин иттифоқчилар бўлган НАТО аъзоси бўлган Туркия ва Сурия ўртасидаги алоқалар 2011 йили президент Башар ал-Ассадга қарши халқ исёни бошланганидан бери кескин совуқлашиб кетди.

Сурия хавфсизлик кучларининг чегара оша отишмалари оқибатида Туркия ҳудудидаги икки қочқин ҳалок бўлганидан сўнг Туркия ўз ҳудудига бу каби мудохалага ортиқ тоқат қилмаслиги билан огоҳлантирганди.