Twitter даги жиҳод...

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Жиҳодчиларнинг ўз ғояларини Twitter орқали тарғиб қилиш ҳаракатлари кузатилмоқда.

Жиҳодичлар ва улар издошларининг Twitter дан фойдаланишлари ҳозирда тор миқёсда бўлса ҳам, анчайин мураккаб ва тобора ўсиб бормоқда.

Бу хулосага мен бир ярим ойдан ортиқроқ уларнинг Twitter даги хабарларини кузатганимдан сўнг келдим.

140 ҳарфдан ортиқ бўлмаган хабарни тарқатишга мўлжалланган Twitter ўз фойдаланувчиларига бу хабарларни кузатиб борувчи "издошлар" рўйхатини тузишга имкон яратади.

Twitter нинг фойдаланувчилари сони ҳозирда 100 миллиондан ортиқ.

Мен ўз қарашлари билан жиҳодчиларга очиқчасига яқинликларини изҳор этувчи ана шу каби 35 "Twitterчи" рўйхатига қўшилдим.

Уларнинг баъзиларининг издошлари рўйхатида мингтача шахс бор эди.

Май ойи охирларида "Шабакат Ансор ул-Мужоҳидин" ўзининг Twitter га кириб келганлигини эълон қилди.

Ушбу вебсаҳифа жиҳодчи ташвиқотлари билан танилган.

Лекин "Шабакат Ансор ул-Мужоҳидин" дан ташқари Twitter да Афғонистондаги Толиблар, Сомалидаги "Ал-Шабаб" ташкилотлари ҳам бор.

"Ал Қоида" нинг матбуот қаноти сифатида кўрилган The Jihad Media Elite ҳам Twitter дан фойдаланади.

Бу ташкилотларнинг Twitter даги расмий ҳабарлари жиҳодий мақолаларни тарғиб этиш ва ўзларининг форумларида янги мақола пайдо бўлганлигини маълум қилиш йўлида хизмат қилади.

Шунингдек Twitter да жиҳодий шеър ва қўшиқларни тарғиб қилувчи махсус саҳифа ҳам бор.

Баъзи "tweeple" лар, (бу ибора Twitter дан фойдаланувчилар учун ишлатилади) "Ал-Қоида" раҳбари Айман ал-Завоҳири ва марҳум радикал уламо Анвар ал-Авлаки ғояларини тарғиб қилиш учун махсус микроблог саҳифаларини очганлар.

Ушбу саҳифалар орқали улар Ал-Завоҳири ва ал-Авлаки ваъзлари, мақола ва нутқларини тарқатаётганликларини очиқ айтишса ҳам, бу саҳифалар уларнинг расмий саҳифаси эмаслигини тан оладилар.

Саудиялик уламо, Ал-Имом Муҳаммад ибн Сауд Университетида фикҳ илми бўйича профессор Саъд ал-Хатлон 3 июн куни "Ал-Қоида" ғояларини танқид қилиб Twitter да хабар тарқатди.

Саъд ал-Хатлон "Ал-Қоида" ислом ғояларининг тўғри вакили эмаслигини айтди.

Бу хабарга жавобан жиҳодчи Twitter чилар танқидни ёғдириб ташладилар.

Асад ал-Жиҳод исмли Twitter чи уламони Интернетда баҳсга даъват қилди. Унинг издошлари бу даъватни # белгси билан янада кенгроқ тарғиб қилдилар.

Twitter да # белгиси асосий сўз ёда мавзуни белгилаш учун ишлатилади. Бу белги муайян сўз ёда мавзу борасидаги хабарларни топишни осонлаштиради.

Ҳозирда Сурия мавзуси жиҳодчи Twitter чиларнинг асосий мавзуларидан бири.

Улар ал-Асад режимига қарши курашни қўллаб-қувватлаш учун хайрия йиғишга ҳам даъват қилмоқдалар.

Улар шунингдек, Саудия қамоқхонларидан ўз тарафдорларини озод қилиш кампаниясини ҳам олиб бормоқдалар.

Бу хабарларда маҳбуслар Саудия қамоқхонларида қийноққа тутилганлари, уларнинг автобиографиялари ва яқинларини озод қилиш йўлида олиб бораётган фаолиятлари тафсилотлари берилмоқда.

Мен Twitter бу каби хабарларни назорат қилиб турадими ва бу борада сиёсати қандай эканлигини аниқлашга ҳаракат қилдим.

Лекин бу борада юборилган электрон мактубларим ҳозирча жавобсиз. Twitter билан боғланишнинг ягона йўли электрон мактуб орқали, телефон рақамини топиб қўнғироқ қилсангиз ҳам автоматик тарзда ёзилган овоз сизга электрон мактуб жўнатишингиз кераклигини айтади.

Бу мавзуда батафсилроқ