Мисрнинг янги президенти Муҳаммад Мурсий халқи олдида чиқиш қилган

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Мисрнинг илк эркин сайловларда сайланган президенти Муҳаммад Мурсий ўзининг маъмуриятини шакллантириш ишларини бошлаган.

У мамлакатнинг собиқ президенти Ҳусни Муборак ишлаган президентлик идорасини эгаллаган.

Унинг ёрдамчиси айтишича, жаноб Мурсий янги ҳукуматни шакллантириш юзасидан учрашувлар ва маслаҳатлашувларни бошлаган.

Якшанба кунги ўзининг илк мурожаатида жаноб Мурсий миллий бирдамликка чақирган, Мисрдаги насронийлар ва аёлларнинг исломий президентдан қўрқишларига сабаб йўқ, деб айтган.

Сайлов натижаларига кўра, жаноб Мурсий 51.73 фоиз овозни қўлга киритишга муваффақ бўлган. Мисрнинг собиқ бош вазири Аҳмад Шафиқ 48,3 фоиз овоз олган.

Дунёнинг қатор мамлакатлари раҳбарлари янги сайланган президентни ғалаба билан қутлаганлар.

Америка президенти Барак обама ўтказилган сайловларни " Мисрнинг демократияга ўтиш йўлидаги муҳим халқа " деб атаган.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Уильям Хейг ҳам Мурсийга табрик йўллаган.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху икки мамлакат ўртасида имзоланган тинчлик шартномаси ўзгармаслигига умид билдирган.

24 июнда тўғридан-тўғри эфирга узатилган сайлов натижаларини Қоҳиранинг Таҳрир майдонига йиғилган минглаб намойишчилар эшитишган.

Сайловда ғолиб чиққан Муҳаммад Мурсий бир неча соат ўтиб мамлакат халқига мурожаат билан чиққан ва "мисрликлар қаерда бўлишларидан қатъий назар уларнинг президенти бўлиб қолиш"га ваъда берган.

"Сизни, буюк Миср халқини миллий бирдамликни янада мустаҳкамлашга чақираман", - деб айтган жаноб Мурсий, - " бу бизнинг ҳозирги оғир шароитдан чиқиб олишимизнинг асосий йўлидир",-деб айтган у.

Мисрнинг янги президенти барча халқаро шартномаларга амал қилиши ва " тинчлик сиёсати"ни олиб боришини таъкидлаган.

Шунингдек, жаноб Мурсий Ҳусни Муборак тузуми мухолифлари илгари сурган барча талабларнинг бажарилишига ваъда берган.

Мисрнинг демократик йўл билан сайланган биринчи раҳбари Муҳаммад Мурсий бутун мисрликларнинг президенти бўлишга сўз берганидан сўнг, янги ҳукуматни тузишни бошлаган.

Бу мавзуда батафсилроқ