Туркия: 'Босиқ жавобимизни ожизлик деб ўйламанг'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркия ўтган жума куни ўз қирувчи учоқларидан бирининг Сурия мудофаа кучлари томонидан уриб туширилганига бугун кескин баёнот билан жавоб берган.

Бош Вазир Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг айтишича, ҳукуматининг босиқ жавоби ожизлик, деб қабул қилинмаслиги керак.

Мамлакат парламентида чиқиш қиларкан, у Туркиянинг ғазаби қайнаганини айтиб, огоҳлантирган.

Бу баёнот ортидан Туркия НАТО иттифоқчилари мажлисини чақирган.

НАТО Бош котиби Андрес Фох Расмуссен Суриянинг амалини кескин қоралаб чиққан.

Унга кўра, Туркия учоғининг уриб туширилиши тоқат қилиб бўлмас амалдир.

Жаноб Расмуссеннинг айтишича, Сурия бу билан халқаро меъёрлар, тинчлик, хавфсизлик ва инсонлар ҳаёти ўзи учун бир тийин эканини кўрсатган.

НАТО йиғини

Иттифоққа аъзо давлатлар бугунги йиғинлари орқали Туркия билан ягона мавқеъда эканликларини намойиш этишмоқчи.

Туркия томонига кўра, қирувчи учоғининг парвози режага мувофиқ бўлган.

Расмий Анқара, ўз ўрнида, учоқнинг Сурия ҳудудига ўтиб кетгани эҳтимолини ҳам тан олмоқда.

Аммо, уларга кўра, учоқлари халқаро ҳудудда бўлган.

Туркия ҳозир НАТО ташкилоти доирасида маслаҳатлашиш ҳуқуқидан фойдаланмоқчи.

Лекин, расмий Анқаранинг очиқчасига баён қилишича, Сурияга қарши бирор бир ҳарбий амалиётга қўл уриш нияти йўқ.

Улар икки ўртадаги тангликни дипломатик йўллар билан ҳал этиш истагида эканликларини айтишмоқда.

Бироқ Сурия учоқни уриб туширган. Ва бу Суриядаги беқарорликнинг минтақага осонлик билан ёйилиб кетиш хавфини кучайтирмоқда.

Яқинда қўшни Ливанда зўравонликлар рўй берганди.

Туркия учоғи билан бўлган ҳодиса минтақадаги бошқа мамлакатлар ҳам можарога қўшилиб кетишлари мумкинлигини кўрсатмоқда.

Бунинг оқибатлари эса, жиддийроқ бўлиши мумкин.

Янги тартиб-қоида

Қирувчи учоғининг уриб туширилиши ортидан, Туркия ҳарбий тартиб-қоидаларини ўзгартирган.

Туркия Бош вазирининг айтишича, энди Сурия қўшинлари ўз чегараларига яқинлашишса, бу ҳарбий таҳдид сифатида кўрилади.

Сурия пойтахти Дамашқда эса, мамлакат қуролли кучлари ва исёнчилар орасида яна жанглар кузатилган.

Мухбирларимизга кўра, миллионлаб сурияликлар ўзлари истамаган ва кун сайин оловланиб бораётган зўравонликлар гирдобида қолишмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ