BBC navigation

Сурияда ҳукуматпараст телеканалга қарши ҳужумда уч киши ўлдирилган

Сўнгги янгиланиш 27 июн 2012 - 09:33 GMT

Ихбария ТВга қарши уюштирилган ҳужумда уч киши ўлдирилгани айтилади

Сурия давлат матбуотига кўра, қуролли кишилар ҳукуматпараст телеканал идорасига ҳужум қилганлар.

Пойтахт Дамашқдан 20 чақирим узоқликдаги Ихбария ТВга қарши уюштирилган ҳужумда хабарлар тайёрланувчи хона портлатилган.

Бир неча соат аввалроқ Президент Башар ал Ассад Сурия "ҳақиқий уруш" ичида қолганини айтган, АҚШ хавфсизлик расмийлари эса яқин орада ниҳоясига етмайдиган жангни башорат қилганлар.

БМТнинг инсон ҳақлари бўйича терговчилари ҳам ўзларининг охирги ҳисоботларида Суриядаги зиддият фуқаролар урушига айланаётганини айтганлар.

Би-би-сининг Байрутдаги мухбири Жим Мюирнинг айтишича, чоршанба куни Сурия телевидениеси одатий дастурларини тўхтатиб, Друша шаҳридаги Ихбария ТВ қароргоҳи ҳужуми тафсилотларини жонли равишда узата бошлаган.

Давлат телевидениеси ёқиб юборилган ва вайронага айланган, ҳамда тутун бурқсиб чиқаётган биноларни намойиш қилган.

Сурия алоқа вазири ҳужум масканига сафари ортидан уч киши ўғирлаб кетилгани, ҳамда қўллари боғланган ҳолда ўлдирилганини маълум қилган.

Душанба куни мазкур телеканалга қарши Оврўпо Иттифоқи ўз санкцияларини эълон қилганди.

Ҳужумдан аввалроқ пойтахт Дамашқ атрофларида Сурия қўшинлари ва мухолиф кучлар ўртасида қақшатқич жанглар давом этган. Ўнлаб одамлар нобуд бўлган жангларни исёнчилар шу кунгача юз берган энг қақшатқич жанг дея тасвирлашган.

Британияда жойлашган Сурия мухолифати жанглар Президент Ассаднинг укаси Маҳер раҳбарлик қилувчи Республикачи Қўриқчилар мавқелари яқинида юз берганини айтган. Мазкур қўриқчилар вазифаси пойтахтни ҳимоя қилишдир.

Мухбиримизнинг айтишича, охирги зўравонликлар жаноб Ассаднинг Сурия уруш ичида қолаётгани борасидаги баёнотига исботдир.

Ўзининг янги тайинланган вазирлар маҳкамасига юзланиб гапирган Президент Ассад уни ҳокимиятдан воз кечишга чақираётган мамлакатларни қоралади ва "Ғарб фақат олади, лекин ҳеч бермайди, буни тарих бир неча бор исботлаган" деб айтди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.