Хитойлик космонавтлар парвози ниҳоясига етган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Xinhua
Image caption Космонавтлар 2020 йилда қурилиши мўлжаланаётган Хитой космик станцияси учун муҳим лойиҳани амалга оширишган

Хитойнинг "Шэньчжоу-9" фазо кемаси уч экипаж аъзоси билан парвозини ниҳоясига етқазган.

16 июнда учирилган космик кема 13 кун давом этган парвоздан сўнг ерга қайтиб тушган.

Кема капсуласи маҳаллий вақт билан соат 10:05 да Монголия ҳудудига келиб қўнгани телевидение орқали намойиш этилган.

Фазога учишдан мақсад - келажакда барпо этиладиган Хитой фазо станцияси тизимини синовдан ўтказиш бўлган.

"Шэньчжоу" экапажи ўзининг космик лойиҳалари тарихида илк бор бошқа фазо аппарат билан бирлашувни амалга оширган.

Фазогирлар, жумладан, Хитойнинг космосга чиққан биринчи астронавт аёли ҳам Тяньгун -1 лабораторияси лойиҳасини механик тарзда муваффақиятли уддалаган.

Лойиҳа Хитойнинг 2020 йилда қурилиши мўлжаланаётган фазо станцияси учун муҳим қадам ҳисобланади.

"Бу инсониятнинг космосни ўрганиш ва фойдаланиши учун хитой халқи томонидан қўйилган муносиб ҳиссадир",- деган Хитой бош вазири Вэн Цзябао.

"Ернинг устида туриш яхши, лекин уйда бўлиш яна ҳам ёқимли", "Тяньгун-1 бизнинг фазодаги уйимиз. У ерда биз ўзимизни жуда қулай ҳис қилдик. Биз ўз миллатимиз билан фахрланамиз",- деб айтган хитойнинг биринчи фазогир аёли Лиу Янг.

Бу мавзуда батафсилроқ