Ассад Сурияга ташқи аралашувни рад қилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption БМТ кузатувчилари Сурия ички уруш ичида эканини айтишган

Башар ал-Ассад Сурия инқирозини ҳал қилиш учун ташқи кучлар аралашувини рад қилган.

Сурия президентига кўра, мамлакатга ҳар қандай ташқи кучнинг киришига йўл қўйиб бўлмайди.

Эрон телевидениесига берган интервьюсида президент Ассад Сурия ўз ички муаммоларини ўзи ечиши кераклиги, муаммони ечиш учун ташқаридан ёрдам талаб қилинмаслигини билдирган.

Ассаднинг айтишича, халқини террористлардан ҳимоя қилиш ҳукуматнинг вазифасидир.

Халқаро ҳамжамиятнинг босими қанчалик кучли бўлмасин, мамлакат раҳбариятини ички хавфсизликни таъминлаш бўйича ўз сиёсатини ўзгартира олмайди.

30 июнда Женевада БМТ ва Араб Лигаси элчиси Кофи Аннаннинг ташаббуси билан БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари, яқин шарқ мамлакатлари вакиллари ва Оврўпо Иттифоқи аъзоларининг Сурия масаласи бўйича йиғилиши бўлиши кутилмоқда.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров "Сурия инқирозини ҳал қилиш учун ташқаридан аралашувни қувватламаслигини, қувватлаши мумкинмаслигини, бу жумладан президент Башар ал-Ассадни қудратдан кетгизишни кўзлаган режага ҳам таълуқлилиги"ни таъкидлаган.

Сурия мухолиф гуруҳлари эса, мамлакатда тинчлик ўрнатишнинг бир қисми сифатида Башар ал-Ассад ҳокимиятни топшириши ва мамлакатни тарк этишига тўғри келишини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ