BBC navigation

Женевада Сурия тинчлик режасини сақлаб қолишга уринилмоқда

Сўнгги янгиланиш 30 июн 2012 - 09:54 GMT

Ассад мамлакатдан ташқарида эришилган ҳар қандай ечимни рад қилишини айтаяпти.

Женевада Сурияда тинчликка эришиш йўлида БМТ-Араб Лигаси элчиси Кофи Аннан ишлаб чиққан режани сақлаб қолишга қаратилган халқаро анжуман иш бошламоқда.

Аввалроқ Россия ўзаро муросага эришишнинг эҳтимоли катта эканини айтган.

Бироқ, АҚШ расмийси Сурияни Яқин Шарқдаги энг яқин иттифоқчиси деб кўрадиган Россия билан "қийинчиликлар ва фарқлар" сақланиб қолаётганини билдирган.

Инсон ҳақлари гуруҳларига кўра, Сурияда 16 ойдирки аксил-ҳукумат қўзғолонлар давом этар экан, 15,800 одам ҳалок бўлган.

Жаноб Аннан қоғозда оташкесимга эришганига қарамай, зўравонлик давом этган.

Жума куни Сурия қўшинлари пойтахт Дамашқ чеккасидаги ҳудуд ва мамлакат марказидаги Ҳомсни бомбардимон қилиши натижасида 180 одам нобуд бўлгани айтилади.

Ассаднинг роли

Женевадаги анжуманга келар экан, Британия Ташқи Ишлар Вазири Вилям Ҳейг Сурия борасида келишувга эришиш "жуда мушкул" бўлиб қолаётганини айтган.

"Бизнинг мавқеимиз ҳар доим бир бўлган, у ҳам бўлса Сурияда барқарор келажакка эришиш учун, Ассад ҳокимиятдан кетиши керак", - деди Ҳейг жаноблари.

Россия Президент Башар ал Ассаднинг ҳукуматдан кетишига ҳар доим қарши бўлиб келган.

Айни дамда, жаноб Ассад ташқи қучлар ишлаб чиқадиган ечимни қабул қилмаслигини билдирган.

У Эрон телевидениеси билан суҳбатда Суриядаги воқеалар "ички иш" экани ва "хорижий давлатларга мутлақо алоқаси йўқ"лигини айтиб, ташқи босим уни ички хавфсизлик борасидаги сиёсатини ўзгартиришга мажбур қила олмаслигини урғулаган.

Женевадаги учрашувда Ғарб давлатлари, Россия, Туркия ва Қатар дохил араб давлатлари ҳам иштирок этишмоқда.

Анжуманни Кофи Аннан уюштирган. Аннан жаноблари Сурияда Ассад қўли остида ишлаётган мулозимлар ва мухолифат аъзоларини ўз ичига оладиган мувақққат ҳукумат тузилишини истайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.