Apple Хитой ширкатига 60 миллион тўлашга рози бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Apple ширкати Хитой бозоридаги ўрнини рақобатчиларига бериб қўймаслик учун ҳам дунёвий келишувга келишга рози бўлган

Apple ширкати Хитойнинг Proview ширкатига iPad номи бўйича баҳсларга чек қўйиш учун 60 миллион доллар тўлашга рози бўлди, деб эълон қилган Гуандун вилояти маҳкамаси.

Proview ширкати IPad маҳсулоти номидан Хитойда фойдаланиш унга тегишли эканини, 2000 йилда рўйхатдан ўтқаздирганини даъво қилган.

Apple ширкатининг таъкидлашича, 2009 йилдан буён маҳсулот номини бутун дунёда ишлатиш ҳуқуқига эгадир.

Гуандун маҳкамаси томонлардан ярашув тузишни сўраган.

"IPad учун рухсат олиш баҳси ниҳоясига етди",- дейилади Гуандун вилояти Олий халқ маҳкамасининг мурожаатида.

Apple компанияси iPad номидан фойдаланиш ҳуқуқини Тайваннинг Proview ширкатидан 55 минг долларга сотиб олганини билдирган.

Бироқ Proviewга кўра, ширкат Apple маҳсулотлари энг тез айланадиган Хитой бозорларида бундай сотиш ҳуқуқини бериши керак бўлмаган.

Кузатувчиларга кўра, Apple учун энг оқилона йўл - айниқса Хитойда, масалани яхшилик билан ечилиши ва яна илгари ҳаракат қилишдир.

Хитойнинг бир қанча жойларидаги дўконлардан икки ширкатнинг тортишувлари сабаб iPad маҳсулотлари ғойиб бўлган.

Proview ширкати iPadни Шанхай бозорларида ҳам сотилишига қаршилик қилишган, бироқ маҳкама бу талабни қондирмаган.

"Масала ҳал бўлди, томонлар келишувдан қониққанларини билдиришди",- деб айтган Proview ширкати ҳуқуқларини ҳимоя қилган Ма Дунсяо.

Хитой ширкати ҳам Apple билан келишув шартларига кўнганлигини Би-би-сига маълум қилган.

Хитой Apple маҳсулотлари учун дунёда энг йирик бозорлардан ҳисобланиб, мамлакатда бу маҳсулотларга эҳтиёж ошиб бораётгани айтилади.

Бироқ Хитой бозоридаги рақобат Samsung каби компанияларнинг маҳсулотлари туфайли кучайиб бормоқда.

Кузатувчиларнинг фикрича, Apple ширкати Хитой бозоридаги ўрнини рақобатчиларига бериб қўймаслик учун ҳам келишувга рози бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ