Британия фуқаролигини олмоқчи бўлганлар кўпроқ ўқишлари керак

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Британия паспортини олиш учун энди мамлакат тарихини жиддий ўрганиш талаб қилинади

Британиянинг Sunday Times газетаси хабар беришича, Британия ички ишлар вазири Тереза Мэй мамлакат фуқаролигини олиш имтиҳонига ўзгартиришлар киритиш ниятида.

Британия фуқаролигини олмоқчи бўлганлар " Британияда ҳаёт" деб номланган имтиҳон топширишлари керак. Имтиҳон 2005 йилда жорий қилинган.

Қайта кўриб чиқиладиган синов нусхасида Буюк Британиядаги кундалик ҳаётга доир саволларга камроқ эътибор каратилиб, Британия тарихи ва ютуқлари борасида кўпроқ билим талаб қилинади.

Синовга тайёрланаётган муҳожирлар миллий мадҳиянинг "Худо, Қироличани паноҳингда асра " деган биринчи мисраларини ёдлашлари ва Британия - тарихан христиан мамлакатлигини эсда сақлашлари лозим бўлади.

Шунингдек, Британия фуқароси бўлишни хоҳлаганлар Байрон, Шекспир каби машҳурлар ҳақида билишлари , Британия ҳарбий тарихи қаҳрамонлари , олим ва саёҳатчилари тўғрисида билимга эга бўлишлари сўралади.

Айни пайтда, инсон ҳуқуқлари ва ёрдам пули олиш каби масалаларга тегишли бандлар қисқартирилиши мумкин.

Имтиҳонга тайёрланиш бўйича қўлланма шу йил кузда чиқиши кутилмоқда.

45 дақиқалик муддатга мўлжалланган синов лойиҳаси Британиянинг 90 дан ортиқ тест марказларига тарқатилади.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котибининг Би-би-сига айтишича, " Британия маданияти ва тарихига таълуқли воқеа-ҳодисалар тест саволлари сифатида қўйилиши фуқароликни олмоқчи бўлган инсонларга Британия ҳаёт тарзини тушуниб бориш ва жамиятга тезроқ мослашишни таъминлайди".

Бу мавзуда батафсилроқ