Женева: Сурия масаласида яна бир ҳужжат имзоланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Сурияда урушаётган ҳар иккала томон иштирокида ўтиш даври ҳукуматини тузиш зарурлиги таъкидланган

Женева анжумани иштирокчилари Сурия инқирозини ечиш масаласи бўйича бир қарорга келишган.

Келишувга биноан Сурияда урушаётган ҳар иккала томон, ҳозирги ҳукумат ва мухолифат аъзоларини ўз ичига оладиган мувақққат ҳукумат тузиш зарурлиги таъкидланган.

Америка Бош котиби Хиллари Клинтон президент Башар ал-Ассаднинг ҳокимиятда қолиши мумкин эмаслигини айтган.

БМТ ва Араб Лигаси элчиси Кофи Аннан илгари сурган дастлабки режага биноан, ўтиш даври ҳукуматида янги ҳукуматни инкор қиладиган, барқарорлик ва ярашувни хавф остига қўядиган шахснинг бўлмаслиги урғуланган эди.

Режанинг бу бандига кўра, президент Ассаднинг муваққат ҳукуматни тузиш жараёнларида иштирок этмаслиги кўзда тутилиши сабабли, Россия ва Хитой унга қарши чиқишган, масалага бундай қараш бир ёқлама бўлиб қолишини таъкидлашган эди.

Келишилган бу сафарги ҳужжатда муваққат ҳукумат таркибига кимнинг кириш-кирмаслиги каби чекланишларга йўл қўйилмаган.

Женевада қабул қилинган ҳужжатнинг муҳим жиҳатларидан бири БМТ ва қатор инсонпарварлик ташкилотларининг, жумладан Халқаро Қизил Хочнинг Суриядаги миссияси давом этади.

Суриядаги вазият бир изга тушгач, БМТ кузатувчилари яна ўз ишларини бошлаши айтилган, бироқ аниқ санаси очиқланмаган.

БМТ, АҚШ, Россия ва Хитой расмийларига кўра, Суриядаги вазият бўйича йилнинг охиригача керакли натижаларга эришиш лозим.

Анжуман иштирокчилари олдида чиқиш қилган БМТ элчиси Кофи Аннан Сурия инқирози ҳал этилмас экан, тарих уларни кечирмаслигини таъкидлаган.

Женева анжумани якунида эришилган натижадан қониққанлигини айтган жаноб Аннан ҳар икки томонни оташкесимга эришишга ва БМТ тинчлик режасининг ҳамма олти бандига амал қилишга чақирган.

Бироқ, Сурия мухолифатига кўра, жума кунининг ўзида Дамашқ ва Хомсда ҳукуматпараст кучлар томонидан 180 дан ортиқ одам ўлдирилган. Дафн маросими пайтида қилинган ҳужумда яна 30 киши ҳалок бўлган.

Женева анжумани Суриядаги қон тўкилишлар янгидан бошланиб кетгандан сўнг, БМТ элчиси Кофи Аннан ташаббуси билан ташкил қилинган эди.

Анжуманда ғарб давлатлари, Россия, Хитой ва Араб лигаси вакиллари иштирок этишган.

Айни пайтда президент Башар ал-Ассад можарони ҳал қилиш учун ташқарида қабул қилинган ҳар қандай режани қабул қилмаслигини билдирган.

Эрон телевидениесига берган интевьюсида жаноб Ассад Суриядаги вазиятни барқарорлаштириш мамлакатнинг ички иши эканлигини, ташқи босимлар унинг ҳукуматини ички хавфсизликни таъминлаш бўйича сиёсатини ўзгартира олмалигини таъкидлаган.

Инсон ҳақлари гуруҳларига кўра, Сурияда 16 ойдан буён давом этаётган аксил-ҳукумат қўзғолонларда 15,800 одам ҳалок бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ