Малидаги исломий жангарилар ҳамма мақбараларни вайрон қилмоқчилар

Сиддиқ Яҳъё мақбараси Тимбуктудаги энг машҳур мақбара.
Image caption Сиддиқ Яҳъё мақбараси Тимбуктудаги энг машҳур мақбара.

Маҳаллий аҳоли хабар қилишича, Африканинг Мали мамлакати шимолини назорат қилаётган Ансориддин исломий гуруҳи Тимбукту шаҳридаги Сиддиқ Яҳъё мақбарасига ҳужум қилганлар.

Тимбукту тарихий шаҳар ҳисобланиб, XV асрда барпо этилган Сиддиқ Яҳъё мақбараси бу ердаги энг машҳур мақбара ҳисобланади.

Тимбукту шаҳри истиқомат қилувчиларининг Би-би-сига маълум қилишларича, 3 июл куни қуролланган шахслар Сиддиқ Яҳъё мақбарасининг эшигини бузиб киришган.

Мақбаралар Ислом динига қарши деб биладиган Ансориддин гуруҳи аллақачон Тимбуктудаги бир неча мақбараларни вайрон этган.

Би-би-си билан суҳбатда Ансориддин гуруҳи вакили Санда Оулд Бамананинг айтишича, "Ислом қонунларига зид бўлган Тимбуктудаги мақбараларнинг 90 фоизи бузиб ташланган".

Санда Оулд Бамана шариат қабр устида 15 сантиметрдан баланд нарса қуришни тақиқлайди, деб айтган.

Тимбукту шаҳридаги қадимий бинолар БМТнинг маданий бўлими ЮНЕСКОнинг Жаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилган, ЮНЕСКО Ансориддин гуруҳининг амалларидан хавотир билдирган.

Халқаро Жиноят маҳкамасининг янги бош прокурори Фату Бенсуда Тимбуктудаги бир неча асрлик биноларнинг вайрон қилинганини қоралаган, бу амалларни "уруш жиноятлари" дея таърифлаган.

ЮНЕСКО Мали ҳукуматини Ансориддин гуруҳини мақбараларни вайрон этишдан қайтаришга чақирган.

Ўзида 55 мамлакатни бирлаштирган Исломий Конференция ташкилоти ҳам Ансориддин гуруҳи ҳаракатларини қоралаб баёнот эълон қилган.

Тимбукту Сўфийлик анъаналари эҳтиром қилинадиган ҳамда "333 авлиё шаҳри" деб ҳам аталадиган шаҳар ҳисобланади.

Малида давлат тўнтариши амалга оширилганидан кейин Ансориддин гуруҳи мамлакат шимолидаги асосий масканлар - Тимбукту, Гао ва Кидал устидан назоратни қўлга олганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ