Украинада рус тилининг мақоми намойишларга сабаб бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Намойишчиларни тарқатиш учун полиция кўздан ёш сиздирувчи газ ҳам қўллаган

Украина пойтахти Киевда полиция рус тили мавқеини оширадиган тил бўйича янги қонундан ғазабланган юзлаб намойишчиларни тарқатиш учун кўзни ёшлантирувчи газни қўллаган.

Тўқнашувлар Президент Виктор Янукович нутқ сўзлаши мўлжалланган бино ташқарисида юзага келган.

Жаноб Януковичнинг Минтақалар партияси томонидан ишлаб чиқилган янги қонун лойиҳаси, кўплаб ўзгаришлар ҳеч муҳокама қилинмаган эса-да, сешанба куни парламент томонидан қабул қилинди.

Бунинг ортидан парламент спикери Володимир Литвин истеъфо аризасини топширган.

Унинг муовини Микола Томенко ҳам худди шундай йўл тутган.

Лойиҳа иккинчи ўқиш ортидан, иқтидордаги партия ва мухолифат аъзолари орасидаги муштлашувларга қарамай, барибир қабул қилинган.

Янги қонун

Янги қонун Украина шарқи ва жанубидаги кўплаб одамларнинг она тили бўлмиш рус тилига “минтақавий тил” мавқеини тақдим этади.

Танқидчилар бу Украина суверенитетига таъсир қилиши ва Украинани Москва таъсир доирасига тушиб қолишига етаклашини айтиб, хавотир билдирганлар.

Украин тили мамлакатнинг расмий тили бўлиб қолишига қарамай, рус тили русийзабон вилоятларнинг маҳкамалари, касалхоналари, мактаб ва бошқа муассасаларида қўлланилиши мумкин.

Қонун Президент Янукович унга имзо чекканидан кейингина кучга киради.

Жаноб Януковични кўплаб танқидчилар Москвага ўта яқин деб кўрадилар.

Бугун, чоршанба куни, тўқнашувлар давом этар экан, жаноб Янукович ўз нутқини кечиктиришга қарор қилган.

У парламент раҳбарлари ва парламентдаги фракциялар раҳбарларини юқори даражали истеъфоларни муҳокама қилиш учун ўз ҳузурига чақирган.

Мухбирларга кўра, норозилик намойишларида 1 мингга яқин фаоллар иштирок этганлар.

Янги қонунга биноан, маҳаллий расмийлар ўз ҳудудларидаги камида 10 фоиз аҳоли қўллайдиган “маҳаллий тил”ни ишлатишлари мумкин.

Бу расмийлар ана шу тилда сўзлашишни билишлари ва ўз расмий вазифаларини бажариш жараёнида уни қўллашлари керак бўлади.

Фуқароларга украин ё маҳаллий тилда ўз ҳужжатларига эга бўлиш ҳуқуқи берилади.

Янги қонун амалда рус тилига расмий тил мақомини беради, бироқ у давлат тили ҳисобланмайди.

Бу мавзуда батафсилроқ