Аргентинанинг собиқ диктаторлари бола ўғрилари

Image caption Виктория Монтенегро ҳарбий хунта даврида ўғирланган болаларнинг бири

Аргентинани 1976 йилдан 1983 йилгача бошқарган ҳарбий хунтанинг икки собиқ раҳбари сиёсий маҳбусларнинг болаларини доимий равишда ўғирлаб келганликда айбдор деб топилган.

Буэнос-Айрес маҳкамаси Хорхе Виделни ушбу жинояти учун 50 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Рейнальдо Биньонга нисбатан 15 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳукми чиқарилган.

Икки судланувчи ҳам маҳкама қарорини сукут сақлаб кутиб олишган.

Улар диктатура даврида бошқа жиноятларни содир этганлиги учун узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтаётган бўлган.

Қоралов томонига кўра, хунта бошқаруви пайтида маҳкама ҳукмисиз ҳибсга олинган инсонларга тегишли камида 400 бола олиб кетилган.

Ушбу масала юзасидан маҳкама 2011 йилнинг феврал ойидан буён давом этаётган эди.

Асосан собиқ ҳарбий ва полициячи бўлган 11 киши маҳкамага юз тутган.

Судланувчиларнинг икки нафарига оқлов эълон қилинган. Етти киши "10 ёшгача бўлган болаларни узлуксиз равишда ўғирлаб кетишда айбдор" деб топилган.

Маҳкама қарори ўғирланган болаларнинг қариндошлари ва эндиликда улғайган жабрдийда болалар томонидан қийқириқлар билан кутиб олинган.

Хунта бошқаруви пайтида азият чекканлардан бири Макарена Гельман маҳкама қарорини тарихий, деб атаган.

"Жиноятчилар қилмишига яраша жазосини олаётганлиги адолат қарор топаётганининг белгиси",-деб айтган у мухбирларга.

Уругвайда полициячи оиласида ўсган Гельманнинг ҳақиқий ота-онасини аргентиналик ҳарбийлар 1976 йил олиб кетишган.

Гельман онаси ҳақида жуда кам маълумот борлигини, у Уругвайдаги махфий қамоқхонага жўнатилгач, изсиз йўқолганини айтади.

Отасининг жасади қолдиқлари дарёга ташлаб юборилган цемент солинган бочкадан топилади.

Гельман ўзининг бобоси, аргентиналик шоир Хуана Гельманни ҳам қидирган.

Аргентикалик ҳарбий ва полициячиларнинг оиласига бериб юборилган 100 дан ортиқ бола ўзининг ҳақиқий ота-онасини кимлигини топишга муваффақ бўлган.

Ўғирланган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан "Пласа-де-Майо бувилари" бирлашмаси жабрдийдаларнинг сони анча кўплигини айтади. Бироқ ўзларининг ўтмишлари, келиб чиқишлари ҳақида билишни хоҳламаган болалар ҳам бўлган.

Улар ўзларини асраб олган ота-оналарини ҳуқуққа зид ҳаракатларда айбланишини билиб, ҳақиқатни очилишидан бош тортишган.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг ҳисоботига кўра, аргентиналик ҳарбийларнинг мухолиф фаоллари ва сўл исёнчиларга қарши олиб борган "ифлос уруш"и йилларида 30 мингга яқин киши ҳалок бўлган.

Қурбонлар маҳкамага тортилмай ўлдирилган, ёхуд махсус хизматлар томонидан изсиз йўқотилган.