Ливияда сўнгги ярим аср мобайнидаги илк парламент сайлови ўтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сайлов жараёнига халақит бериш мақсадидаги амаллар ҳам кузатилди.

7 июл куни ливияликлар Миллий Конгресс учун овоз беришган, Муаммар Қаддофий ағдарилганидан кейин мамлакатни бошқараётган Миллий Ўтиш даври кенгаши ўрнини янги парламент эгаллайди.

Сайлов полковник Муаммар Қаддофийнинг 42 йиллик ҳукмронлиги тугаганидан 9 ой ўтиб ўтказилмоқда.

Бу Ливиядаги сўнгги 50 йилдаги илк эркин овоз беришдир.

Ливия парламентининг 200 аъзоси бўлади, бугунги сайлов натижасида сайланганлар Ливияни ҳозир бошқариб турган Миллий Ўтиш даври кенгаши ўрнига янги ҳукуматни сайлайди, бошқа муҳим қарорларни қабул қилиш салоҳиятига эга бўлади.

Шунингдек, бу парламент Ливиянинг вилоятлари маъмуриятини сайлаши лозим.

Парламентга овоз бериш мамлакатда исёнчи жангчилар зўравонликларни ҳам кучайтирган пайтга тўғри келган.

Парламентга сайланиш мақсадида 3000 дан ортиқ номзод илгари сурилган, бироқ Ливиянинг айрим ҳудудларидаги исёнчилар ўзлари етарли тамсил этилмаганидан шикоят қилиб бойқот эълон қилдилар, айримлар мухторият исташларини айтмоқдалар.

Сайлов жараёнига халақит бериш мақсадидаги амаллар ҳам кузатилди.

Бенғозида тикучар ҳужумга тутилгани оқибатида бир сайлов комиссияси ходими ҳалок бўлган, бир участкадан сайлов ҳужжатлари йўқолиб қолган.

Бенғозида бир сайлов участкасига ҳужум қилиниб, барча ҳужжатлар йўқ қилинган.

Аммо эрталабдан оддий ливияликларнинг овоз бериш иштиёқлари кучли экани, кўп участкаларда навбатлар пайдо бўлгани кузатилган.

Ўз номзодларини илгари сурган партиялар орасида энг кўп овозларни исломий партия "Мусулмон биродарлар", дунёвий Миллий Кучлар Иттифоқи ва Миллий Жабҳа деган фирқалар олишлари мумкин, деб кутилаяпти.

Бирор бир партия аксар кўпчилик овозни қўлга киритмаса ҳам "Араб баҳори"дан кейин кўп мамлакатларда кузатилаётгани каби исломий илдизга партиялар кўп дастакни қўлга киритади, деб кўрилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ