Россия сув тошқини қурбонларига мотам тутмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия жанубий Краснодар ўлкасида юз берган сув тошқинида нобуд бўлган инсонлар учун мотам тутмоқда.

Расмийлар табиий офат 171 кишининг умрига зомин бўлганини айтадилар.

Би-би-си мухбирига кўра, энг кўп зарар кўрган Кримск шаҳри худди цунамидан чиққанга ўхшаб қолган.

Сув тошқинлари бир неча ҳафта давом этган ёғингарчилик ортидан, аксар одамлар ухлаб ётган пайтлари рўй берган.

Россия Президенти Владимир Путин одамлар табиий офат эҳтимолидан етарлича вақт бурун огоҳлантирилганми йўқлигини текширишга буйруқ берган.

Сув тошқинининг олдини олиш мақсадида етарли иш қилингани-қилинмаганини текшириш юзасидан ҳам жиноят иши очилган.

Расмийлар айбловларни рад этишган ва сув омбори дарвозаларини очиб юборилишига қаттиқ ёғингарчилик ортидан келган селнинг шиддати сабаб бўлганини айтишган.

Тергов қўмитаси қаттиқ ёғингарчилик бошланганидан кейин маҳаллий сув омбори дарвозалари очиб юборилгани ҳақидаги хабар тасдиқланганини маълум қилган.

Бундан олдин Россия матбуоти ва интернетда сув тошқинларининг бу қадар катта талофотларга тўғон ёрилиб кетгани ёки ундаги сув чиқариб юборилиши сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

Текширув ўтказиш юзасидан буйруқ Президент Путин шанба куни зарар кўрган минтақани вертолётда бориб кўриши ва вазият билан танишиши ортидан берилган.

Бу 59 ёшли Путин жаноблари президент этиб сайланганидан бери Россияда юз берган энг йирик ҳалокатли ҳодисадир.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларига кўра, Кримск шаҳридаги учрашувда Россия президенти маҳаллий расмийлар аҳолини огоҳлантириш ва қутқариш мақсадида ўз вазифаларини қанчалар уддалаганлари текширилади, деб айтган.

Краснодар ўлкаси аҳолиси умрларида бундай қаттиқ ёғингарчиликни кўрмаганларини айтганлар.

Жумадан шанбага ўтар кечаси Новороссийск шаҳри атрофида ёққан ёғингарчилик ҳажми 112-115 миллиметрни ташкил этган, бу хавфли деб кўриладиган нуқтадан икка баравар кўпдир.

Кримск шаҳрига яқин Небержаевское тўғонини бузмаслиги учун сув оқизилиши оқимнинг қуйи қисмидаги сув сатҳининг кескин кўтарилишига олиб келган.

Тунги соат 2 да одамлар жонларини сақлаш учун қочишга мажбур бўлганлар.

Сув тошқинидан энг кўп 57 минг аҳоли истиқомат қиладиган Кримск шаҳри зарар кўрган.

Ҳалок бўлган инсонларнинг аксари шу шаҳарда яшаганлар.

Қора денгиз соҳилидаги Геленджик шаҳрида ҳам тўққиз киши ва Новороссийск шаҳрида икки инсон ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Расмийларга кўра, ўнлаб инсонлар бедарак кетганлар ва қурбонлар сони янада кўпайиши мумкин деган хавотирлар бор.

Катта ҳудудларда электр таъминоти узилган, дўконлар ёпиқ.

Аксар одамлар ўз хонадонларидаги деярли барча нарсадан айрилиб қолганлар.

Краснадор ўлкаси ҳокимига кўра, тошқинлардан 24 минг одам азият чеккан. Минтақа расмийлари 5 мингдан ортиқ уй-жойни сув ювиб кетганини айтишади.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, Қора денгизнинг Краснодар ўлкасидаги ёзги лагерларда 7 мингдан ортиқ бола дам олаётган бўлган, болаларнинг ҳаммаси хавфсиз жойга эвкауация қилинганлар.